Автобус ва юк транспорти иштирокидаги ЙТҲ ҳақида маълумот

Интернет тармоғида Олмазор туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида хабарлар тарқамоқда. Мазкур факт бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йилнинг 28 июль куни соат 11.00 да Тошкент халқа автомобиль йўлида 18-автопаркка тегишли «ISUZU» русумли автобус ҳайдовчиси 30 ёшли Раҳимжон Ш. йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари учун кутилмаган ҳаракат (манёвр) содир этган. Яқин атрофда ҳаракатланиб борган «Зил-131» русумли юк автомобили ҳайдовчиси 28 ёшли Муроджон Б. фавқулодда тўхташ учун барча чораларни кўришига қарамасдан, автобуснинг ён томонига тўқнашиши натижасида автобус ағдарилиб кетган.  

ЙТҲ сабабли ҳеч ким жабрланмади.

Ҳурматли жамоат транспортлари ҳайдовчилари! Унутманг, кўпчиликнинг ҳаёти – сизнинг соғлиғингиз, йўловчиларнинг саломатлиги, ҳамда яқин атрофдагиларнинг хавфсизлиги сизнинг қарорларингизга боғлиқ. Транспорт қанчалик йирик экан, атрофдагилар учун авариявий ҳолатда шунчалик катта хавф туғдиради. Эҳтиёт бўлинг, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинг.