ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Яккасарой туман ҳокимлигида ахборот технологиялари соҳасида содир этилаётган кибержиноятлар, уларнинг олдини олиш ва профилактика чораларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Яккасарой туман ҳокимининг ўринбосарлари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси масъул ходимлари ҳамда туман ҳокимлигининг раҳбар ходимлари иштирок этдилар. Семинар давомида бугунги кунда кенг тарқалаётган кибержиноят турлари, хусусан, интернет орқали фирибгарлик, шахсий маълумотларни қўлга киритиш, банк карталари билан боғлиқ жиноятлар ва ижтимоий тармоқлардаги хавфлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, аҳоли ўртасида рақамли маданиятни ошириш, киберхавфсизлик қоидаларига риоя этиш ва огоҳликни кучайтириш бўйича амалий тавсиялар билдирилди. Таъкидланганидек, кибержиноятларнинг олдини олишда давлат органлари билан бир қаторда ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулияти ва ҳушёрлиги муҳим аҳамият касб этади. Фақат ҳамкорлик ва тизимли профилактика орқали ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларга қарши самарали курашиш мумкин. © Яккасарой туман ҳокимлиги Матбуот хизмати

11 Феврал 2026 йил

105

Тошкент шаҳрида ички ишлар ва прокуратура органларида фаолият юритаётган тергов бўлинмалари ходимларини ўқитиш, билим ва малакасини оширишга қаратилган семинар бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ўтказилди. Олий суд раисининг биринчи ўринбосари А. Усманов, Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи Р. Ашропов ва Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи А. Урманов бошчилигида ўтказилган семинар-машғулотида 2025 йилда судлар томонидан чиқарилган оқлов ҳукмлари ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 416 (судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун асослар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) ва 417 (жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) моддалари тартибидаги ажримлар таҳлили муҳокама қилинди. Олий суд судьялари И. Раҳмонқулов ва Э. Турғунбоев томонидан тергов (суриштирув) органлари ходимларининг эътибори ўз фаолиятида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга қаратилиб, келгусида уларни такрорланишига йўл қўймаслик бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, тергов ва суд жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга қаратилган конституциявий нормаларга оғишмай амал қилиш тергов органлари ва судларнинг олдида турган умумий асосий вазифа эканлиги таъкидланди. Мазкур семинарда маърузачилар томонидан берилган маълумотлар юзасидан қизғин муҳокамалар ўтказилди, берилган саволларга атрофлича жавоблар берилиб, тергов сифатини янада яхшилаш бўйича иштирокчиларнинг таклифлари тингланди. Семинар сўнгида билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди. © Тошкент шаҳар судлари | Расмий канал

11 Феврал 2026 йил

396

Пойтахт ИИББда раҳбар ва ёшлар учрашуви

Ёш ходимларни ватанпарварлик, аждодлар мероси, қадриятларимизга ҳурмат, касбига, бурчига садоқат руҳида тарбиялаш масъулиятли ҳамда шарафли иш. Ички ишлар органлари хизматига илк қадам қўйган ёшларни қўллаб-қувватлаш, тўғри йўлланма бериш орқали касбга йўналтирилиши хизмат самарадорлигини таъминлаш, иш фаолиятида юқори натижалар кўрсатишида муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадларда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси аппарати, ҳудудий тузилмалари соҳавий хизматларида хизмат олиб бораётган ёш ходимлар, уларнинг ота-оналари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” тадбири ташкиллаштирилди. Тадбирда Бош бошқарма бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев ҳамда унинг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Мурод Каримов иштирок этди. Йиғилганлар олдида сўзга чиққан Равшан Султанходжаев ёшлар масалалари давлат сиёсати даражасида эканлиги, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, ўз истеъдоди ва имкониятлари, салоҳияти, ҳаётий қувватларини намоён этишлари учун берилаётган имтиёзларга тўхталди. Шунингдек, юртимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдек шарафли ва масъулиятли ишга бел боғлаган ёшлар учун ички ишлар органларида амалга оширилаётган ижобий ишлар таъкидлаб ўтилди. Ёшлардан касбига садоқат, фуқаролар билан хушмуомалалик, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш, ички ишлар органлари ходими деган шарафли номга доғ туширмаслик талаб этилиши қайд этилди. Шу билан бирга пойтахт ички ишлар органлари сафида хизмат вазифаларини бажариш қаторида профессионал спорт билан шуғулланиб юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган, илм-фан ривожига катта ҳисса қўшаётган, санъат соҳасида нуфузли мукофотларни қўлга киритиб келаётган ёшлар номлари қайд этилиб бир гуруҳ ёшларга ташаккурнома, фахрий ёрлиқлар ҳамда пул мукофотлари, сидқидилдан меҳнат қилиб тенгдошларига намуна бўлаётган бир гуруҳ ёшларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилди. Очиқ мулоқот руҳида ўтказилган тадбирда полковник Равшан Султанходжаев йиғилиш иштирокчилари билан самимий суҳбатлашиб, уларнинг муаммолари, хизмат фаолияти ҳамда ижтимоий мавзулардаги муаммоларига қизиқди. Хизмат фаолиятини янада яхшилаш, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қарорлар ижросига янгича ёндашув ҳамда хизмат самарадорлигини ошириш бўйича иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади ҳамда уларнинг турли мавзулардаги саволларига жавоблар берди. Тадбир хизмат билан бирга санъат йўналишида ҳам фаолият олиб бораётган бир гуруҳ истеъдодли ёшларнинг куй-қўшиқлари билан давом эттирилди.

11 Феврал 2026 йил

492

Интерактив хизматлар

Text to speech