Ҳайдовчилар ўртасидаги жанжал муштлашув билан тугади

Тошкент шаҳар Чилонзор туманида 13-август куни соат тахминан 15.10 ларда «Спарк» русумли автомобиль ҳайдовчиси 28 ёшли Шавкат М. ва “Хюндай” русумли автомобиль ҳайдовчиси 36 ёшли Қаюмжон Ю. Кичик халқа автомобиль йўли кўчасида кетаётиб, бир-бирига йўл бермасдан ўзаро урушиб кетишган. Жанжал давомида Шавкат машинасидан аррани олиб, Қаюмжон ва у билан бирга бўлган йўловчи 27 ёшли Хуршид А.ларга жароҳат етказган. Ўз навбатида улар ҳам Шавкатга тан шикастлари етказишган. Натижада Қаюмжон, Хуршид ва Шавкатлар тиббий ёрдамга мурожаат қилишган.

Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) билан жиноий иш қўзғатилди.

***

18-август куни ички ишлар органларига келиб тушган хабарга кўра, жорий йилнинг 17-июль куни соат тахминан 13.00 ларда Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Тошкент халқа автомобиль йўли кўчасининг қатнов қисмида “Спарк” русумли автомобиль ҳайдовчиси 36 ёшли Абдусалом Х. ва “Матиз” русумли автомобиль ҳайдовчиси 46 ёшли Раҳимжон Д.лар ўрталарида келишмовчилик келиб чиқди. Келишмовчилик оқибатида Абдусалом Раҳимжонни уриб, унга тан жароҳати етказди.

Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) билан жиноий иш қўзғатилди.

Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўлда ҳаракатланаётган вақтингизда бошқа ҳайдовчиларнинг ҳуқуқини ҳурмат қилишингизни сўраймиз. Арзимаган сабаб туфайли юзага келган келишмовчиликнинг оқибати нохуш ҳодиса билан тугаши мумкин.