Ҳайдовчи пиёдани пиёдалар йўлакчасидан ўтказиб юбормаганини гувоҳи бўлдингизми? Видео жўнатинг – чоралар кўрилади!

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонлари! Жорий йилнинг бошидан 3 ой мобайнида 79 711 нафар ҳайдовчилар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасида (“Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги”) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликлари учун жаримага тортилдилар. Шулардан 3 427 таси – пиёдани тартибга солинган йўлакчадан ўтказиб юбормаганликлари учун қўлланган. 3 ой ичида 80 нафар пиёдаларни белгиланмаган жойда йўлни кесиб ўтаётганларида автомобиллар уриб юборган. Улардан 10 нафари ҳалок бўлишган, 70 тасига эса турли оғирликдаги тан шикастлари етган. Шу даврнинг ичида 46 та йўл-транспорт ҳодисалари рўй бериб, улар натижасида транспорт воситалари ҳайдовчилари пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган пиёдаларни уриб юборишган. Натижада 3 та пиёда ҳаётдан кўз юмган бўлса, 47 тасига тан шикастлари етган.

Ҳайдовчиларимиз орасида ҳайдовчилик маданиятини ошириш масаласи долзарблигича қолмоқда. Шунинг учун барчани ҳайдовчилик маданиятини ошириш ишида фаол иштирок этишга чақирамиз. Агар сиз ҳайдовчи пиёдани пиёдалар йўлакчасида ўтказиб юбормаганлигини гувоҳи бўлган бўлсангиз, видео жўнатинг – чоралар кўрилади.

Ҳайдовчиларга шуни эслатиб ўтамизки, бошқарилмайдиган пиёдалар йўлакчасига яқинлашаётган транспорт воситаси ҳайдовчиси пиёдаларни ўтказиб юбориш учун тезликни пасайтириши ёки тўхташи шарт. Агар тартибга солинмаган пиёдалар йўлакчаси олдидан транспорт воситаси ҳаракатни секинлаштирса ёки тўхтаса, қўшни йўл бўлакларида ҳаракатланаётган транспорт воситалари ҳаракатни тўхтаган транспорт воситаси қаршисида пиёдалар йўқлигига амин бўлгандагина давом эттиришлари мумкин. Тартибга солинган пиёдалар йўлакчаларида светофорнинг рухсат берувчи ишораси ёнганида ҳайдовчи пиёдаларга йўлакчадан ўтиб олишга имконият бериши зарур. Қуйидаги ҳавола орқали ЙҲҚни такрор кўздан кечириб чиқиш мумкин.