27 Январ 2023 йил 2386

Йўл-транспорт ҳодисаларини тўхтатинг!

Йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани тўғрисидаги хабарлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бахтсиз ҳодиса гувоҳлари ўзига келиши учун узоқ вақт талаб қилинади, иштирокчилар эса нафақат Йўл ҳаракати қоидаларига, балки ҳаётга бўлган муносабатини қайта кўриб чиқадилар. Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг 12 ойи мобайнида пойтахтда 1200 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ҳисобот даврида ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарни ташкил этган, 1463 нафари тан жароҳати олган.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг 32,5 фоизини пиёдалар иштирокидаги бахтсиз ҳодисалар ташкил этади. Болалар иштирокида 169 та ЙТҲ содир бўлган, бунинг оқибатида 56 нафар вояга етмаганлар тан жароҳати олган, 17 нафари вафот этган.

Ҳар битта рақам ортида инсонлар тақдири ётибди. Битта инсоннинг ҳалок бўлиши – унинг оила аъзолари, яқинлари учун оғир жудолик ҳисобланади.

Ўтган бир йил давомида ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир бўлган ЙТҲлар таҳлилига тўхталсак.

Энг кўп учрайдиган қоидабузарлик тезликни ошириш бўлган - 370 та ҳолат. 143 нафар ҳайдовчи светофорнинг тақиқловчи ишорасига ўтган. 8 та бахтсиз ҳодиса автомобиль рулида ўтирган шахсларнинг маст ҳолатда бўлганлиги сабабли содир бўлган. 73 та ЙТҲ жиддий оқибатларга олиб келди.

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир ҳайдовчи транспорт воситасини бошқараётганда нафақат ўзи, балки йўловчилар ва пиёдаларнинг ҳаётига масъулият билан қарашлари лозим. Пиёдалар эса йўл ҳаракати иштирокчиси эканлигини унутмаслиги ва ўрнатилган қоидаларга риоя этишлари керак.

Барча янгиликлар

Text to speech