18 Феврал 2023 йил 4691

Тадбиркорлик фаолиятига шахсий диний қарашлар асосида тўсқинлик қилиш жавобгарликка сабаб бўлади

Жорий йилнинг февраль ойида ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳрида яшовчи 1999 Й.т. фуқаро “Ш.А.” Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги “Буюк Ипак йўли” метро бекати атрофида жойлашган савдо дўконларидан бирининг реклама баннерларини танқид қилиб, унинг муносабатидан кейин мутасадди раҳбарлар реклама маҳсулотларини олиб ташлаганлиги хусусида кескин фикрларни билдирган видеомурожаатлари тарқалди.

Ҳолатни ўрганиш мақсадида 2023 йилнинг 16 февраль куни “Ш.А.” Чирчиқ шаҳар ИИО ФМБ таклиф этилди. Ўтказилган суҳбат давомида фуқаро юқорида келтирилган дўкондаги реклама баннерларига нисбатан муносабатини ўзининг диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда билдирганлигини маълум қилди.

Шунингдек, Ш.А. турли диний мавзудаги материалларни амалдаги қонунчиликка зид равишда ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали тарқатиб келаётганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунига асосан ўтказилган профилактик суҳбат давомида мазкур фуқарога қонунчилик ҳужжатлари талаблари тушунтириб ўтилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасида тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳуқуқларининг кафолатлари белгиланган. Жумладан, тадбиркорлик субъекти мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.

Мазкур қонуннинг 35-моддасига биноан, тадбиркорлик фаолияти субъекти ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Бундай маълумотларга раддия берилиши билан бир қаторда уларнинг тарқатилиши оқибатида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зарар компенсация қилинишини талаб этишга ҳақли.

Шундай экан, турмушда ва жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишда инсонлар ўзларининг шахсий диний ва ахлоқий қарашлари орқали бошқаларга баҳо бериши ёки бошқача кўринишда аралашиши мумкин эмас. Ушбу тартибга қарши ҳар қандай инсонларнинг ҳаракати қонун асосида қатъий таъқиб қилинади.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.

Шу муносабат билан, суд идоралари томонидан фуқаро “Ш.А.”га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддасига (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Ҳурматли фуқаролар!

Турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятимизда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган муносабатларга қарши ҳар қандай турдаги ножоиз гап-сўз ва саъй-ҳаракатлар аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келишига ва турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Жамиятда қабул қилинган юриш-туриш қоидаларини ҳурмат қилган ҳолда, миллий қонунчилигимизга итоаткор бўлишга чақирамиз. 

Барча янгиликлар

Text to speech