22 Феврал 2023 йил 3078

Шахсий қарашларни мажбурий диний қоида сифатида талқин қилишга йўл қўйилмайди

2023 йилнинг февраль ойида ижтимоий тармоқларда номаълум шахс жамоат жойида фуқароларга тамаки чекиш билан боғлиқ диний ёндашувларни ва тушунтиришларни уқтираётганлиги акс этган видеоёзув тарқалган. Ўрганишлар жараёнида ушбу шахс 1999 йилда туғилган фуқаро А.Х. эканлиги аниқланиб, у билан профилактик суҳбат ўтказилди.

Ўтказилган суҳбат давомида фуқаро юқорида келтирилган видеороликдаги шахсларни танимаслигини, уларга тамаки чекишга нисбатан муносабатини ўз ташаббусига кўра шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда билдирганлигини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 25-моддасига асосан, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик, шунингдек 27-моддасига биноан шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Чекиш соғлиқ учун зарарли, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва саломатлик масалалари доимо катта аҳамиятга эга. Лекин ушбу жараёнда Ўзбекистон фуқароларининг юқоридаги кафолатларига монелик қилиш мумкин эмас, айниқса алоҳида шахсларнинг ўз ташаббуси орқали ва ушбу масалага диний тус бериш орқали ўзгаларнинг шахсий ҳаётга аралашишига йўл қўйилмайди. Қолаверса, кўп миллатли ва конфессияли жамият сифатида, Конституциямизнинг 31-моддасида ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи белгилаб қўйилган.

Шундай экан, турмушда ва жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишда инсонлар ўзларининг диний ва ахлоқий қарашлари орқали бошқаларга баҳо бериши ёки бошқача кўринишда шахсий ҳаётига аралашиши мумкин эмас.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.

Шу муносабат билан, суд идоралари томонидан фуқаро А.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184 прим. 2-моддасига (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech