10 Апрел 2023 йил 1666

Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда фуқаро онаси учун аёл шифокорларни юборишни сўраб фельдшерга таҳдид қилганлиги юзасидан тарқалган видеотасвир турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йилнинг 1 апрель куни 1990 йилда туғилган Н.Х. онасининг саломатлиги ёмонлашганлиги сабабли тез-тиббий ёрдам хизматига қўнғироқ қилиб, хабарни қабул қилган диспетчер 1998 йилда туғилган Г.З. дан фақат аёл тиббиёт ходимларини юборишлигини сўраган. Диспетчер тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ички қоидаларда бундай талаб белгиланмаганлигини маълум қилиб, шу вақтда бўш аёл шифокорлар бригадаси бўлмаганлиги сабабли, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун энг яқин бригадани юборган. Фуқаро манзилга етиб борган бригадада эркак шифокорларни кўриб, уларни уйга киритмай норозилик билдирган ҳамда телефон орқали диспетчерни ҳақорат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан фуқаро Н.Х. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (“Ҳақорат қилиш”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар якуний қарор қабул қилиш учун судга юборилган.

Барча янгиликлар

Text to speech