Ижтимоий тармоқларда бир нечта фуқаролар кўчада яширилган нарсаларни қидириб юрганлиги акс этган видео тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур видеотасвир Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганилганда қуйидагилар аниқланди.
Жорий йилнинг 20 март кунига ўтар кечаси тахминан соат 01.25 ларда, 24 март куни тахминан соат 21.10 ларда ва 25 март куни тахминан соат 22.10 ларда бир нечта фуқаролар Учтепа тумани “Давлатобод” маҳалласидаги хонадонлардан бирининг олдида нарсаларни қидириб топган. Олиб борилган ўрганишлар жараёнида 28 нафар фуқаронинг шахси аниқланган. Улар ўз кўрсатмаларида шу ҳудудда яширилган (“закладка”) гиёҳванд моддаларни интернет орқали берилган локация ёрдамида қидириб топганлигини маълум қилишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.