20 Июл 2023 йил 3406

Расмий маълумот

Жорий йилнинг 19 июль куни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказига 2002 йилда туғилган Арзикулов Асадбек ( ижтимоий тармоқларда “ASAD ALGO” тахаллуси билан танилган) “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош субдурал гематомаси, бўйин соҳаси қонталаши, иккала тиззаси ва иккала тирсагида кўкарган жароҳатлари” билан мурожаат қилган. Шифокорлар томонидан бу ҳолат ҳақида зудлик билан ИИОга хабар берилган.

Ўрганишлар жараёнида аниқланишича, жорий йилнинг 16 июль куни тахминан соат 18.30 ларда Мирзо Улуғбек туманидаги боғлардан бирида 1997 йилда туғилган Абдулазиз И. таниши Асадбек А. билан ўртасида ўзаро келишмовчилик сабабли жанжал келиб чиққан, натижада Асадбек А. тан жароҳати олган. Сўнг улар ўзаро келишиб олганлиги сабабли тарқалишган. Мазкур ҳолат юзасидан Асадбек А. ИИОга, шунингдек тиббиёт муассасасига мурожаат қилмаган.

19 июль куни Асадбек А.нинг тоби қочганлиги сабабли шифохонага олиб борилган ва унинг бош қисмида жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Бироқ шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан Асадбек А. вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса”) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech