Ижтимоий тармоқларда бир нечта фуқаролар ўзаро жанжаллашганлиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилиб, қуйидагилар аниқланди.
Жорий йилнинг 26 март куни тахминан соат 22.30 ларда Янгиҳаёт тумани, Янгиҳаёт 10-ҳудуддаги мини футбол стадионида, футбол ўйнаш учун келган вояга етмаган болалар футбол майдонини талашиб ўзаро оғзаки жанжаллашган. Жанжални кўрган ота-оналар фарзандларини чақириб уйига олиб кириб кетган. Оғзаки жанжал натижасида фуқаролар тан жароҳати олмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингизга ҳар қандай муаммони ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиш мумкинлигини, жанжал-тўполон билан бирор натижага эришиб бўлмаслигини, содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қонунда жазо чоралари белгиланганлигини тушунтиришингизни сўраймиз.