24 Феврал 2023 йил 8085

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда бир нечта вояга етмаганлар Чилонзор туманидаги кўчалардан бирида “Аслам сила”, деб кетаётганлиги акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йилнинг 24 февраль куни тахминан соат 15.30 ларда, ижтимоий тармоқларда ўзининг блогини юритувчи ютубер, 2004 йилда туғилган, Жиззах вилоятида яшовчи Асламбек Бахромов Чилонзор туманидаги “Magic City” кўнгилочар маскани яқинидаги автотураргоҳ олдида фан клуб аъзоларини чақириб, улар билан учрашув ўтказмоқчи бўлган ва уларга совғалар тарқатишлигини билдирган. Учрашувга тахминан 130-140 нафарга яқин вояга етмаган болалар йиғилган ва жамоат тартибини бузиб шовқин-сурон кўтарган. Шу ҳудудда хизмат олиб борувчи Миллий гвардия ва ички ишлар органлари ходимлари тартибсизликни олдини олиш ва тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида А.Бахромовни ички ишлар бўлимига олиб кетган. Ходимлар А.Бахромовни олиб кетаётган вақтида бир нечта вояга етмаганлар унинг кетидан автомашинагача кузатиб боришган. Сўнг учрашувга йиғилганларнинг барчаси тарқалган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан А.Бахромовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (“Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳужжатлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун туман судига тақдим этилади.

Ҳурматли фуқаролар! Ҳар қандай оммавий тадбирларни ўтказаётганда, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш қоидаларига қатъий риоя қилишингизни сўраймиз!

Барча янгиликлар

Text to speech