Пул бирлигини қалбакилаштириш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Жорий йилнинг 27 март куни 26 ёшли Норбек Ш. “iPhone 12 Pro” русумли телефон аппаратини 5 миллион 900 минг сўмга сотиши ҳақида эълон беради. Тез орада ушбу эълонга нотаниш йигит қўнғироқ қилиб, телефон аппаратини сотиб олмоқчи эканлигини маълум қилади.
Норбек Янгиҳаёт туманидаги 3-метро бекати олдида жойлашган автобус бекатида харидор билан учрашишга келишади. Нотаниш йигит деярли савдолашмай, келишилган пулни Норбекка бериб, телефонни олиб кетади.
Норбек пулларни санаганида бир нечта пулларнинг ҳақиқийлигига шубҳаланган ва бу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББга ариза билан мурожаат қилган.
Ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида Норбекдан 10 дона 200 000 сўмлик ва 5 дона 100 000 сўмлик, жами 2 500 000 сўм миқдоридаги пуллар ашёвий далил сифатида олинган.
Ушбу пул бирликларини аниқлаш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ Эксперт-криминалистика маркази экспертлари томонидан экспертиза ўтказилган. Экспертиза хулосасига кўра ушбу пул бирликлари қалбаки эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси (“Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.