12 Июн 2023 йил 2342

Жиноят муҳокамаси танқидий руҳда ўтди

2023 йил 12 июнь куни Учтепа туманида жойлашган Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов бошчилигида шаҳар Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Нилюфар Хусанбоева ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, 418 та мактаб директорлари, ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, барча туман ИИО ФМБ бошлиқлари ва 74 нафар вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар ҳамда Миллий Гвардиянинг ҳудудий бўлинма раҳбарлари иштирок этдилар.

Ўтказилган йиғилишда жорий йилнинг 10 июнь куни Учтепа туманидаги 62-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси, Саидхалил С. (2006 й.т) шу мактабнинг “Информатика” фани ўқитувчиси, Самандар Б.ни (1999 й.т) уриб, тан жароҳати етказганлиги ҳолати муҳокама қилинди. Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси ("Безорилик") билан жиноят иши қўзғатилган, тергов якуни бўйича қонуний чора кўрилиши таъминланади.

Жабрланган ўқитувчи ҳамда вояга етмаган ҳуқуқбузар ака-укалар, уларнинг ота-онаси, маҳалла раиси ва фаоллари иштирокида танқидий муҳокама ўтказилди. Муҳокама якунида вояга етмаган ҳуқуқбузар ва унинг ота-онаси барча устоз ва мураббийлардан узр сўраб, бу каби ҳолат бошқа қайтарилмаслигини айтиб ўтишди.

Муҳокама давомида, 62-сонли мактаб директори Х.Махкамова, болаларнинг синф раҳбари ва 20 нафар ўқитувчиларнинг содир этилган ҳолат юзасидан фикр ва мулоҳазалари тингланиб, қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида масъул раҳбарларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.

Бу каби нохуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида, барча туман ИИО ФМБ бошлиқлари, ҳудудий халқ таълим бўлимлари ва тегишли мутасадди идора раҳбарлари билан ҳамкорликда, пойтахт ҳудудидаги 418 та мактабнинг ўқувчи ва ўқитувчилари ўртасида танқидий муҳокама йиғилишлари ўтказилиши режалаштирилди.

Жумладан, ўқитувчи ва устозларга қаратилган ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат учун қонунда белгиланган энг оғир чора кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Шунингдек, барча туман ички ишлар органлари ва халқ таълими бўлинмалари билан ҳамкорликда қўшма-режа ишлаб чиқилиши белгилаб олинди.

Барча туман ИИО ФМБ бошлиқлари, ҳудудий ҳалқ таълим бўлимлари ва мактаб директорлари Тошкент шаҳри бўйича 2 278 нафар тарбияси оғир вояга етмаганларга масъул бириктириб, ҳар бири билан якка тартибда ёндашган ҳолда доимий назоратини олиб борилиши белгиланди.

Йиғилиш якунида, бугунги кунда келажак авлодни тарбиялашда ва уларга таълим беришда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ҳар бир ўқитувчи давлат ҳимоясида эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шу сабабли, олиб борилаётган ислоҳотларнинг давомийлиги тариқасида, ҳар бир ўқитувчилар “Ички ишлар органлари ҳимоясида” тамойили асосида, зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Келгусида юқоридаги каби салбий ҳолатлар аниқланган тақдирда, ўрнатилган тартибда қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида мутасадди идора ва ташкилотларга топшириқлар берилди.

Барча янгиликлар

Text to speech