24 Феврал 2023 йил 2927

Жамиятда диний адоват қўзғатганлик учун жавобгарлик муқаррар

Жорий йилнинг февраль ойида ижтимоий тармоқларда номаълум шахснинг диний адоват қўзғатувчи мазмундаги таҳдидли видеомурожаати тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида мазкур видеомурожаат муаллифи 1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро Н.Х. эканлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига кўра, ушбу видеоролик экстремизм ғоялари билан йўғрилган бўлиб, диний адоват келтириб чиқаришга хизмат қилади ва шу турдаги материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, урушни, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилиш, фуқароларнинг соғлиғи ва ахлоқига тажовуз қилиш, фуқаролар тотувлигини бузиш, вазиятни беқарорлаштирувчи туҳматдан иборат уйдирмаларни тарқатиш, аҳоли ўртасида саросима уйғотиш ҳамда шахс, жамият ва давлатга қарши қаратилган бошқа ҳаракатлар содир этиш мақсадида диндан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, мазкур қонуннинг 5-моддасига кўра, мамлакатда виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликларидан бири сифатида жамоат тартибига, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш белгилаб қўйилган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан фуқаро Н.Х.га нисбатан Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси учинчи қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар!
Турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятимизда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган муносабатларга қарши ҳар қандай турдаги ножоиз гап-сўз ва саъй-ҳаракатлар аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келишига ва турли муаммолар келиб
чиқишига сабаб бўлади.
Жамиятда қабул қилинган юриш-туриш қоидаларини хурмат қилган ҳолда, миллий қонунчилигимизга итоаткор бўлишга чақирамиз.

Барча янгиликлар

Text to speech