Ривожланган жамиятда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қилинишига йўл қўйилмайди
Ижтимоий тармоқларда ёш йигит Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Р.Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабининг 3-қавати деразасидан мушукни улоқтиргани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари эътиборидан четда қолмади. Ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланди: у Олмазор туманида жойлашган юқорида қайд этилган мусиқа мактаби ўқувчиси 17 ёшли Х.О. бўлиб, ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс томонидан содир этилганлиги сабабли, 2022 йил 28 май куни унинг отаси, 46 ёшли У.Э. таълим муассасасига чақиртирилди. Унга фарзандининг тарбияси бўйича масъул эканлиги тушунтирилди ва Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддасига асосан жаримага тортилди. Ота ва ўғил билан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатга йўл қўйиб бўлмаслиги, бундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжудлиги тушунтирилиб, профилактик суҳбат ўтказилди. Вояга етмаган шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳақидаги маълумотлар туман ҳокимияти ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича бўлимга юборилди. Шунингдек, Олмазор тумани 4-сонли ИИБ ходимлари томонидан ушбу видеороликни уяли телефонда суратга олган ва интернетга жойлантирган шахс 16 ёшли Ш.A. эканлиги, муқаддам шу мактабда ўқиганлиги аниқланди. Воқеа юзасидан ўсмир билан ота-онаси иштирокида суҳбат ўтказилди.