Гиёҳвандлик воситаларини тарғиб қилувчи наркограффитилар чизиш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди
Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ томонидан олинган хабарга кўра, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва сотиш фактларига чек қўйишга қаратилган профилактик тадбирлар давомида 27 ёшли Дониёр Т. Янгиҳаёт тумани Сергели-1 даҳасида жойлашган кўп қаватли уйлар деворларига гиёҳвандлик воситаларини сотувчи дўконларни тарғиб қилувчи наркограффитиларни чизаётган вақтида ушланган ҳамда ундан трафарет ва бўёқ қутиси ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Суриштирув ишлари давомида Дониёр Т. интернетдан келиб тушган таклифларга кўра, пул эвазига наркограффити билан шуғулланганини тан олди. Шунингдек, Янгихаёт туманида яна бир наркограффити чизиш билан шуғулланиб келган шахс туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан ушланди. Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, 25 ёшли Темур А. пул эвазига деворларга наркограффити чизган. Йигитдан холислар иштирокида трафарет ва бўёқ идиши олиб қўйилди.
Гиёҳвандлик воситаларини сотувчи дўконларни тарғиб қилувчи наркограффитиларни чизиш билан боғлиқ яна бир ҳолат Миробод туманида аниқланди. Туман ИИО ФМБга келиб тушган хабарга кўра ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар натижасида, 22 ёшли Висола Н. наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи дўконлар рекламаси билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Холислар иштирокида кўздан кечирилганда Висола Н.нинг ёнидан 325 дона наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи дўконлар рекламасининг флаерлари ва бир дона бўёқ пуркагич аниқланди ва ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳозирда терговга қадар текширув ўтказилиб, натижаларига кўра қонуний қарорлар қабул қилинади.
Ҳурматли фуқаролар, агар ушбу шахсларнинг юқоридаги каби хатти-харакатига гувоҳ бўлган бўлсангиз, 71-233-71-47, 71-233-49-46, 71-206-42-54 ёки 102 рақамларига хабар беришингизни сўраймиз.