Сўнгги пайтларда кўп учраётган жиноят турларидан бири гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ бўлиб, пойтахт ҳудудида жорий йилнинг 3 ойи давомида 571 та жиноят аниқланган. Улардан 374 таси ёки 65,5 фоизи интернет тармоғи билан боғлиқ ҳолда содир этилган.
Гиёҳванд шахсларнинг талаби айнан интернет тармоғидаги дўконлар ёрдамида қондирилиб, “сотувчи” ва “харидор” ўртасидаги олди-сотди механизми жиноятчилар томонидан “хавфсиз” усулда шакллантирилган. Телеграм иловаси орқали тақиқланган товар ёки хизматларни аноним тарзда, моддий манфаат эвазига сотиш ва “истеъмолчи” томонидан “осон йўл” билан сотиб олиш имконияти яратилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу каби тақиқланган гуруҳларнинг интернет манзилларини тарқатиш мақсадида, шаҳримиздаги бино деворларига ёки бошқа устунларга чизиб кетиш ҳолатлари (“наркограффити”) ҳам кўпайганлигини инкор этиб бўлмайди. Хусусан, пойтахтимизда йил бошидан буён 810 та “наркограффити”лар аниқланган бўлиб, уларнинг рекламасини ўчиртириш чоралари кўрилган. Шунингдек, 40 нафардан ортиқ “наркограффити” билан шуғулланувчи шахслар аниқланиб, жавобгарликка тортилган.
Айниқса, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг савдоси кўпайганлиги, уларнинг таъсиридаги шахслар бошқа жиноятларга қўл ураётганлиги бу мавзуга жиддий ёндашишни талаб қилади. Ўрганишлар жараёнида бу моддалар хорижий давлатлардан кириб келаётганлиги аниқланди.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи интернет дўконларининг онлайн манзилларини нафақат деворларга “наркограффити” усулида чизиб кетиш, балки QR кодли флаерлар тарзида тарқатиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Агар яқинларингиз ёки фарзандларингизда шу каби QR кодли флаерларни аниқласангиз бефарқ бўлманг, уларни гиёҳвандликка ружу қўйишига йўл қўйманг!
Гиёҳвандлик ва психотроп моддалар савдосига қарши муросасиз курашиш мақсадида, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида “Долзарб 15 кунлик” тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
Тадбир давомида тузилган махсус ишчи гуруҳ фаолияти 24 соат давомида амалга оширилади.
Ҳурматли ОАВ вакиллари, блогерлар ва жамоатчилик фаоллари, Сизлардан “Долзарб 15 кунлик” тадбирида иштирок этишингизни, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар савдосига қарши муросасиз курашишда ўз ҳиссангизни қўшишингизни сўраймиз.
Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари! Гиёҳвандлик воситаларини яшириш (“закладка”) йўли билан тарқатилиши ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, “наркограффити” билан шуғулланаётган, тақиқланган интернет дўконларининг манзили акс этган флаерларни тайёрлаётган ва тарқатаётган шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз дарҳол 71-233-71-47, 71-233-49-46, 71-206-42-54 ёки 102 рақамига ёхуд профилактика инспектори ёки яқин орадаги ИИБга мурожаат қилишингизни сўраймиз.