ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Президентимиз Тошкент шаҳри қўриқлаш хизмати фаолияти билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги қўриқлаш хизмати фаолияти билан танишди. Мамлакатимизда аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёти ҳамда мол-мулки дахлсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, илғор хорижий тажриба асосида замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментига қўйилган асосий вазифалардан бири ҳам айнан шу саналади. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йилдаги тегишли фармон ва қарори ижроси доирасида Қўриқлаш департаменти Миллий гвардиядан ички ишлар органлари тизимига ўтказилди. Ушбу фармон ва қарорда белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида аниқ режалар ишлаб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилди. Техник қўриқлашни ташкил этиш ва аҳолига техник қўриқлаш хизматларини кўрсатишнинг янги тизимлари жорий этилди. Хусусан, кўп қаватли уйларнинг йўлакларига “ташвиш” тугмаларини ўрнатиш орқали қўриқлаш нарядларининг қамрови остидаги хонадонлар сони кескин оширилди, ҳимоя ордери берилган аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш амалиёти йўлга қўйилди. Объект ва хонадонларни қўриқловга олиш ишларида ички ишлар органларининг тегишли хизматлари билан ҳамкорлик тизими йўлга қўйилди. Натижада қўриқланаётган объектларнинг сони йил давомида 99 фоизга, қўриқдаги хонадонларнинг сони эса 118 фоизга ошди. Техник қўриқлаш марказларининг сони 19 фоизга, уларга хизмат кўрсатувчи тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларнинг сони эса 15 фоизга ошди. Давлатимиз раҳбари хизмат биноси ҳовлисида хизматда қўлланилаётган махсус техника воситалари, дронлар манёври, жамоат тартибини сақлашга жалб этиладиган транспорт воситаларини кўздан кечирди. Сўнг қўриқлаш техника воситаларининг кўргазмали тақдимоти билан танишилди. Бу ерда “Хавфсиз шаҳар” концепциясини жорий этиш ва уни изчил ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича ахборот берилди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йилдаги тегишли қарори билан белгиланган аниқ механизмлар амалиётга жорий этилиши натижасида республика миқёсида “Хавфсиз шаҳар” концепцияси босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. Кўргазма майдончасида юридик ва жисмоний шахсларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган видеокузатув тизимлари ҳамда турли хил камераларнинг реал вақтда ишлаш жараёни намойиш этилди, уларнинг техник имкониятлари тушунтирилди ва амалий тавсиялар берилди. Тақдимот доирасида айланма камералар, юз қиёфасидан шахсни аниқловчи камералар ҳамда давлат рақам белгисини аниқловчи камераларнинг имкониятлари кўрсатилди. Ушбу техник воситалар маҳаллалар, жамоат жойлари, объектлар, таълим муассасалари, шунингдек, шаҳар ва туманларнинг кириш-чиқиш нуқталарига ўрнатилмоқда. Бугунги кунда барча ҳудудий ички ишлар бошқармаларида сунъий интеллект асосида ҳудудларни онлайн кузатиш, тезкор қидирув ишларини олиб бориш, куч ва воситаларни бошқариш ҳамда жиноятларни “иссиқ изидан” фош этишга хизмат қилувчи “Қалқон” ахборот тизими тўлиқ ишга туширилган. Давлатимиз раҳбари ички ишлар ва қўриқлаш хизмати ишларни маҳалладан бошлаши, хонадонларнинг ҳолатини ўрганиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Тошкент мегаполис шаҳар эканини инобатга олган ҳолда, қонунбузарлик ва жиноят омилларини мунтазам таҳлил қилиш кераклигига эътибор қаратди. “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида ягона платформа, 13 та маълумотларни қайта ишлаш маркази, ягона электрон харита, 42 минг 750 та интеллектуал камера ҳамда 17 та ёнғин хавфсизлиги мониторинги тизими фаолият юритмоқда. Ушбу тизимлар концепциянинг асосий таркибий қисмини ташкил этади. Жорий йилда ҳам вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда интеллектуал транспорт тизимлари, автотураргоҳларни бошқариш, экологик ва сейсмологик мониторинг, шунингдек, фавқулодда вазиятларда огоҳлантириш тизимларини жорий этиш ва интеграциялаш ишлари давом эттирилаётгани маълум қилинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва давлат органларининг “Хавфсиз шаҳар” ягона платформаси техник имкониятларидан уйғун фойдаланиши натижасида бир неча юз миллиард сўм бюджет маблағлари тежалаётгани қайд этилди. “Хавфсиз шаҳар” концепциясини жорий этиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси халқаро даражада ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани маълум қилинди. Шу билан бирга, яратилган шарт-шароитлар натижасида Ички ишлар вазирлиги академиясида Рақамлаштириш департаменти учун замонавий талаблар асосида янги бино қурилиши бошлангани маълум қилинди. Йил якунига қадар тармоқ қамровини янада кенгайтириш, сунъий интеллект асосида камида тўртта янги тизимни платформага улаш ҳамда рақамлаштириш даражасини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш режалаштирилган. Президентимиз ҳозирги кунда жиноятчилик шакллари ва омиллари ўзгараётгани, аммо уларга мос тизим ва чоралар етарли эмаслигини қайд этди. Айниқса, киберхавфсизлик йўналишида жиноятлар кўпайиб бораётгани ва ушбу хавфларни бартараф этиш бўйича ишлар жадаллаштирилмаса, аҳоли учун жиддий қийинчиликлар юзага келиши мумкинлигини таъкидлади.  Бу борада салоҳиятли кадрлар етишмаслиги асосий муаммо экани, банк ва ички ишлар органлари ходимларининг билим ва малакасини ошириш, уларни мунтазам ўқитишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини билдирди. Шунингдек, видеокузатув тизимларини жорий этишда уларни ўрнатадиган ва самарали бошқарадиган мутахассисларни тайёрлаш, даврий ўқувларни ташкил этиш муҳим эканини таъкидлади. Шундан сўнг Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Хавфсиз кўча”, “Хавфсиз йўлак” ҳамда гастрономик йўлакларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан ҳам танишилди. Ташриф давомида Қўриқлаш хизмати ходимларини соҳа бўйича ўқитиш жараёни, профилактика инспекторлари билан ўтказилаётган амалий машғулотлар кўздан кечирилди. Давлатимиз раҳбарига Ситуацион марказ фаолияти тақдимоти орқали хавфсизликни таъминлашда замонавий бошқарув ва мониторинг тизимларининг ўрни ҳақида маълумот берилди. Ситуацион марказ Қўриқлаш хизматининг бўлинмалари ҳаракатларини назорат қилиш, мониторингини юритиш, тезкор ва фавқулодда вазиятларда Қўриқлаш хизмати куч воситаларини бошқариш, йўналтириш ва онлайн кузатиш мақсадида ташкил этилган.

27 Январ 2026 йил

782

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолияти танқидий кўриб чиқилиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида янги вазифалар белгилаб берилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри республиканинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаганини, бир сўз билан айтганда, пойтахтда иқтисодий ривожланиш даражаси сезиларли ошганини таъкидлади. Шу билан бирга, қаерда ҳаёт яхшиланса, даромад кўпайса, ўша ерда “енгил пул топиш” ҳаракатида бўлган жиноий тузилмалар ҳам фаоллашиб, жиноятнинг янги усул ва воситалари ҳам, энг аввало, шу ерда пайдо бўлади. Лекин ҳуқуқ-тартибот тизими пойтахтдаги янгиликларга мос ишламаётгани кўрсатиб ўтилди. Пойтахтнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари республикага намуна бўлмаётгани, бунинг учун пойтахтда ресурс ҳам, куч-воситалар ҳам, илмий салоҳият ҳам етарли бўлишига қарамасдан, ҳалигача эски “қолип”дан чиқиб кета олмаётгани танқид қилинди. Ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда асосий бўғин – маҳалла профилактикаси. Бироқ Тошкент шаҳридаги профилактика хизматларининг иши тўғри ташкил этилмагани учун муаммолар тўпланиб қолгани қайд этилди. Республикадаги 208 та туман ичида Чилонзор оилавий зўравонлик, талончилик, безорилик бўйича, Юнусобод босқинчилик бўйича биринчи ўринда. Ёки ўтган йили Яшнобод ва Мирободда қотиллик, Олмазорда тан жароҳати, Шайхонтоҳурда талончилик ҳолатлари энг кўп бўлган. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Р.Султонхўжаев, Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи А.Ўрмоновга “ҳайфсан” берилиб, олти ойлик синов муддати тайинланиши белгиланди. Йирик бозорлар ва гавжум жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича гвардия, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар идораларининг ҳамкорлиги етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Ички ишлар вазирининг ахборот технологияларига масъул ўринбосарининг тизимни рақамлаштириш бўйича ишларида ҳали сезиларли натижа кўринмаётгани танқид қилинди. Вазирликдаги кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг иши сустлиги қайд этилди. Президентимиз наркожиноятчилик ва уюшган гуруҳларга қарши кураш бўйича наркоканалларнинг охирги манбаси ва ҳомийларигача етиб бориш учун масъулларда қатъият йўқлигини танқид қилди. Чет элга бориб олиб, уюшган жиноий гуруҳлар ташкил қилган, у ерда ўзимизнинг фуқароларни ҳам талаётган шахслар фаолиятига чек қўйишдаги сусткашликлар қайд этилди. Яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва солиқ маъмурчилиги бўйича пойтахт солиқ органларининг иши мутлақо қониқарсиз экани таъкидланди. Солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғидан сунъий ортиқча тўлов ҳосил қилиш орқали уни бюджетдан ноқонуний қоплаш ҳолатлари кўпайган. Ушбу йўналишларга жавобгар бўлган қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Мирзаев ишдан олинди. Давлатимиз раҳбари “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлигида миллиардлаб сўмлик талон-торожликлар аниқланганини маълум қилди. Мисол учун, Давлат активларини бошқариш агентлигининг мансабдор шахслари бозор қиймати камида 250 миллиард сўмлик ер участкасини ёпиқ аукционга чиқариб, 120 миллиард сўмга сотиб юборган. Шу боис, агентлик директори А.Ортиқов ишдан олинди.   Яқинда Администрация ва давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тизими йўлга қўйилди. Қисқа муддатда бюджетга тушум, талон-торож, молиявий камчиликлар бўйича 53 триллион сўм ва ташқи савдо операцияда 8 миллиард доллардан ортиқ қарздорлик аниқлангани ўта аянчли ҳолат экани қайд этилди. Коррупциявий схемалар бўйича 4,2 триллион сўм зарар аниқланиб, 1,3 триллион сўми ундирилди, 55 нафар шахс қамоққа олинди. Масалан, Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, вазир ўринбосари Б.Абдуллаев ва департамент бошлиғи Р.Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Давлат идоралари ва корхоналарида хавфсизлик учун масъуллар фаолиятини ҳам танқидий қайта кўриб чиқиш вақти келгани қайд этилди. Масъул идоралар уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиёт бўйича жиловни қўлга олиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу 4 та йўналиш бўйича мутлақо янги тизим яратилиб, жараён биринчи навбатда Тошкент шаҳрида бошланади. Жумладан, хавфсиз муҳит яратиш бўйича “пойтахт намунаси” жорий этилади. Президентимиз янги тизимни Чилонзор тумани мисолида тушунтириб берди. Туманда жамоат хавфсизлиги куч-воситаларини бошқариш янгича ташкил қилинади. Патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматлари туну кун 3 сменали хизмат режимига ўтади. Патруль гуруҳларига ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар келиб тушганда, воқеа жойига 5 дақиқа ичида етиб келадиган тизим бўлади. Тумандаги 5 та ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари тунги хизматни бевосита маҳаллаларда ташкил қилади. Улар тунги вақтда ўз бошлиқларига берилган барча ваколатга эга бўлади, мустақил қарор қабул қилади ва масъулиятни ҳам тўлиқ зиммасига олади. Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларига тунги хизматининг ҳар соатига базавий ҳисоблашнинг 5 фоизи миқдорида компенсация тўланиши белгиланди. Илғор тажриба асосида аҳоли гавжум жойларда дрон ёрдамида патруллик кузатуви йўлга қўйилади. Чилонзор тумани ички ишлар ходимлари соҳаси ва ҳудудидан қатъи назар, фуқаро мурожаатини қабул қилади, кўчада формали ходимга қилинган мурожаат “102”га хабар берган билан тенг бўлади. Тумандаги барча 55 та маҳалладаги профилактика инспекторининг хизмат хонаси эшиги у билан тезкор боғланиш учун алоқа тугмаси билан жиҳозланади. Яъни профилактика инспектори қаерда бўлмасин, аҳоли уни қўл телефони ва планшетига туну кун боғланиши мумкин бўлади. Давлатимиз раҳбари наркожиноятларга қарши кураш масаласига алоҳида тўхталди. Синтетик наркотикларнинг 95 фоизи интернет орқали тарқатилиб, тўлов криптовалютада бўлаётгани, нарколабораториялар мамлакат ичида очилаётгани қайд этилди. Шунингдек, қонунчиликда давлат органларининг бу борадаги вазифалари ҳам аниқ кўрсатилмаган. Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги фақат таҳлил ва халқаро ҳамкорлик билан чекланиб қолгани танқид қилинди. Эндиликда агентликнинг масъулияти кучайтирилиб, унга мутасадди идоралар ишини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва баҳо бериш ваколати берилади. Мутасаддиларга трансчегаравий ва виртуал майдонда уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича яхлит тизимни йўлга қўйиш топширилди. Ички ишлар вазирлигида уюшган жиноятчилик бўйича алоҳида хизмат ташкил қилинади. Ўтган йили пойтахтда ушланган уюшган жиноий гуруҳлар таркибида 259 нафар “оғир” тоифадаги ёшлар ва спортчилар бўлгани ўта ташвишли ҳол экани қайд этилди. Спортчиларнинг аксарияти кўча безорисига айланиб кетаётгани, жойларда пул учун яширин жанглар ташкил қилиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилди. Мутасаддиларга бу йўналишда назоратни таъминлаш, жанговар спорт турлари билан шуғулланаётган ёшларни касбга ўқитиб, салоҳиятига мос иш билан банд қилиш тизимини яратиш топширилди. Бугун турли радикал ва экстремистик ғоялар ахборот технологиялари орқали ёшларимиз онгини заҳарлашга уриняпти. Фақат жазо ва тақиқ билан бу муаммони ҳал қилиб бўлмаслиги таъкидланди. Бундан буён пойтахтнинг ҳар бир туманида “Қайтарув гуруҳлари” фаолияти доимий асосда ташкил қилинади. Кибержиноятлар кундан-кунга кўпайиб, унинг турлари 18 тадан 62 тага чиқди. Айниқса, шахсий маълумотларни ўғирлаш, сунъий интеллект орқали овоз ва юз қиёфасини ўхшатиш, зарарли файлларни тарқатиш авж оляпти.  Ўзлаштирилган маблағлар криптовалюта шаклида четга чиқарилмоқда. Буларни тезкор фош этиш ва тўхтатиш учун ҳуқуқ-тартибот ходимлари кибертехнологиялар ва сунъий интеллектни мукаммал эгаллаши лозимлиги қайд этилди.   Шу боис, Ички ишлар вазирлигида кибержиноятчилик бўйича алоҳида департамент ташкил қилинади ва унга вазирнинг ўзи масъул бўлади. Адлия вазирлигида кибержиноятчилик ва рақамли ҳуқуқ бўйича алоҳида бошқарма очилади. Кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш, малакали ва фидойи кадрларни рағбатлантириш доимий эътиборда бўлиши таъкидланди. Шу боис, профилактика инспекторларини янада қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамиятдаги обрўсини ошириш бўйича қатор янгиликлар эълон қилинди. Жумладан, жорий йил 1 июлдан пойтахтдаги профилактика ходимларига айнан шу соҳада кўп йиллик стажи учун 5 миллион сўмгача ойлик устама берилади. 1 февралдан юридик олийгоҳни битириб, ички ишлар тизимига ишга кирганларга олийгоҳда ўқиган даври ҳам стажга қўшилади. Вилоятдан келиб, пойтахт ички ишлар идораларида ишлаётган ходимларнинг уй ижарасига ойлик тўлов 1,8 миллион сўмдан 3,1 миллион сўмга оширилади. Ички ишлар ходимлари учун қурилаётган уйларнинг 30 фоизи фақат профилактика инспекторларига берилади. Мутасаддиларга ички ишлар органларининг аҳоли билан бевосита ишловчи, жамоат хавфсизлиги ва жиноятчиликка қарши курашувчи тузилмаларини янги тизимга ўтказиш бўйича фармон лойиҳасини киритиш топширилди. Ушбу бўлинмалар учун хизматни ўташ, муомала маданияти, тезкор ҳаракатланиш, куч ва қурол ишлатиш бўйича ягона стандартлар жорий этилиб, улар сервис тузилмага айланиши белгиланди. Адлия тизимини ҳам кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу борада биринчи қадам сифатида Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолиятини “ҳуқуқий аудит”дан ўтказиш тизими йўлга қўйилади. “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, адлия органларининг аниқ роли, янги вазифа ва ваколатлари белгиланади. Давлатимиз раҳбари муҳокама қилинган бошқа соҳаларда ҳам мавжуд қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, янгиларини қабул қилиш зарурлигини таъкидлади. Фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган масъулларга жавобгарлик чоралари белгиланди, уларга нисбатан қонун устуворлигини таъминлаш топширилди. Йиғилишда ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

27 Январ 2026 йил

601

Ҳар бир фуқаро муаммоси эътибор марказида

Ваколатли масъуллар томонидан фуқаролар мурожаатларини тинглаш, уларни қийнаётган саволларига жавоб топиш, муаммоларини қонун доирасида ҳал қилиш давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётгани ўз натижакорлигини кўрсатмоқда. Хусусан, пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарияти томонидан ўтказиб келинаётган сайёр ҳамда шахсий қабуллари бу борада пойтахт аҳолиси ўртасида йиғилиб қолган кўплаб масалалар, муаммолар, чунончи ички ишлар идоралари фаолияти билан боғлиқ жараёнларда вужудга келган муаммоларга ечим топилмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг навбатдаги қабулида юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тингланди. Мурожаатчилар келтирган важларни жойида синчиклаб ўрганиш давомида уларнинг аксарияти қабулхонанинг ўзида ижобий ҳал этилди. Шунингдек, келтирилган далиллар атрофлича ўрганиш талаб қилинган мурожаатларнинг аксарияти бўйича ижро муддатлари қўшимча белгиланиб, қатъий назоратга олинди. Текширувларнинг малакали, қонун доирасида ҳамда адолатли олиб борилиши бўйича тегишли топшириқлар берилиб, натижаларидан мурожаатчиларни ёзма хабардор қилиш кўрсатиб ўтилди. Ҳар бир фуқаронинг мурожаатлари эътибор билан тингланиб, кўтарилган масалаларга - гоҳи ижтимоий-маиший, тиббий мавзуларда ҳам бўлишига қаралмай унинг ечимига жиддий ёндашилаётгани, масъул идора ва ташкилотлар билан боғланиб ҳал этилаётгани пойтахт аҳлининг қабулларга бўлган ишончи ва муносабатини ижобий томонга ўзгартираётгани шубҳасиз.

26 Январ 2026 йил

4932

Интерактив хизматлар

Text to speech