28 Май 2022 йил 2689

8-қаватнинг дераза токчасида ўтирган болалар: Тошкент шаҳар ИИББ вазиятни ўрганди

2022 йилнинг 25 май куни ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманида содир бўлган хавфли ҳолат акс этган видео пайдо бўлди. Икки нафар вояга етмаган болани катталар 8-қаватдаги панжара ўрнатилмаган дераза токчасига чиқишига йўл қўйиб, уларнинг ҳаётига хавф туғдирган. Ушбу видео Тошкент шаҳар ИИББ эътиборидан четда қолмади.

Aниқланишича, шу куни болалар ёнида уларнинг бувиси, «Катта Олмазор» маҳалласида яшовчи 1962 йил туғилган М.У. бўлган. Аёл икки нафар вояга етмаган набираларини назорат қилмаганлиги оқибатида, улар 8-қаватнинг панжара ўрнатилмаган дераза токчасида ўтиришган.

Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 27 май куни “Катта Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинида муҳокама ўтказилди. Унда маҳалла раиси, фаоллари ва фуқаролари, туман ҳокими ёрдамчиси, Чилонзор тумани ИИО ФМБ махалла профилактика инспектори, вояга етмаганлар ишлари бўйича инспектор, инспектор-психологлар иштирок этишди.

Йиғилишда болалар хавфсизлигини уларнинг ота-оналари томонидан таъминлаш масаласи кўтарилиб, мавжуд вазият муҳокама қилинди. Хонадон эгалари билан психолог-инспекторлар иштирокида, бундай лоқайдлик ва эътиборсизлик натижасида юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатлар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Туман аҳолисига, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддаси, яъни “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” ҳақида эслатилди.

Барча янгиликлар

Text to speech