ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Олифтагарчиликни эплолмади

Кимдир яшаш учун овқатланади, кимдир овқатланиш учун яшаши ҳақидаги машойихларнинг қайдлари кўпчиликка таниш. Емакнинг ҳалол бўлиши, кам-кам ейишлик саломатликнинг гарови ҳақида ҳам. Бироқ қарзга, гаров эвазига овқатланиш ҳақида эшитмаган бўлсангиз керак. Камига туҳмат қилишдек жирканч қилмиш асло оқлаб бўлмайдиган ҳолат. Фарруҳ оилали, бир нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси. Ёлланма меҳнат билан шуғулланади. Омади чопса, кўпроқ пул топиши мумкин. Баъзан ҳеч нарса топмаслиги ҳам мумкин. Ботир билан баъзан шерикликда ишлайди. Омади чопиб иккови уч кунлик иш олишди. Ғайрат қилиб уни икки кунда бажаришиб  пулни олишаркан, Фарруҳ Ботирга: ”бир тунги клубга бормаймизми? Тўғриси сира ҳам бормаганман. Кел, бир ёшликда ўйнаб қолайлик”, дея таклиф берди.— Мен оғир меҳнат қилиб топганимни қанақангидир тунги клубга сарф қилишни хоҳламайман. Ундан кўра  уйимга рўзғор қиламан, – деди қатъий Ботир. Бир ўзи нотаниш жойга сўппайиб кириб боришни ўзига эп билмаган Фарруҳ:— Мен сени меҳмон қиламан, менга шерик бўлсанг бўлгани, – дея Ботирнинг ҳоли-жонига қўймади.Улар тунги учларга яқин Учтепа туманида жойлашган тунги клубларнинг бирига ташриф буюришди. Ботирнинг огоҳлантиришига қарамай, Фарруҳ ўзи билган-билмаган таомлар, ичимликларга буюртмалар бера бошлади. Тунги клуб деганлари Ботирга ёқмади ва у узрини сўраб, кетишга чоғланди. Фарруҳ эса яна таом ва ичимликлар буюрди. Тун тонгга уланар маҳал, ҳисоб-китоб қилиш мавриди етганда ҳисобни кўриб, Фарруҳнинг кўзи қинидан чиқиб кетай деди. Ҳисоб қоғозига 1 миллион 200 минг сўм ёзилганди. Унинг кўз олди хиралашиб, йиқилиб тушишига оз қолди. Устки кийимидаги барча чўнтакларни титсада бунча пул чиқмади. Официант эса “олифтагарчилик шунақа бўлади”, дегандек масхараомуз унга қараб турар, пул беришини сабрсизлик билан кутарди. Ер ёрилса-ю Фарруҳ ерга кириб кетса... У қўлидаги “Redmi” уяли телефонини гаровга қўйиб, пулни олиб келиб беришга клуб ходимини аранг кўндирди. Шовқин-сурон, мусиқа, турли-туман ўткир ва ғалати ҳидлардан қутулиб кўчага чиққан Фарруҳнинг ҳуши ўзига келди ва нима қилиб қўйганини, уйда хотинига нима деб жавоб беришини, бирор нарса илинжида югуриб қаршисига пешвоз чиқадиган  ўғлининг кўзига қандай қарашини ўйлаб кўз олди қоронғилашиб кетди. Шунча пулни қаердан олади, ўзи зўрға етишган янги телефонини  гаровга бергани-чи?! Эҳ, шунақанги ҳам аҳмоқ бўладими?! Бир ярим ойга етадиган  рўзғор пули  икки соатлик кайфу сафосига етмаса-я... Икки кун бетон қориб, эзилиб ишлаганига алам-алам... Пулига куйган, қалампир чайнар, деган мақол шундай “орзу-ҳавас”қилиб, топганидан айрилганларга нисбатан айтилган бўлса, ажабмас. Бироқ у бўш келгиси келмади.  “102” га қўнғироқ қилиб: “Тунги клуб ходимлари уриб,телефонимни  тортиб олишди ва мени ҳайдаб юборишди”, дея арзу-дод қилди.— Қилғиликни қилиб, ҳолатдан бундай жирканч ҳолда чиқишни ўйлаган Фаррруҳнинг режаси иш бермади, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими катта терговчиси, майор Олим Раззаков. – Гувоҳлар, видеокузатувдаги тасвирлар унинг ёлғон гувоҳлик бераётганини фош этди. Келтирилган далиллар олдида ўзи ҳам уялди, аммо кеч бўлганди.   1989 йилда туғилган Фарруҳнинг қилмиши Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 237-моддаси, 2-қисми “Б” банди (“Ёлғон хабар бериш”) билан айбли деб топилди ва мазкур кодекснинг 72-моддаси қўлланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

31 Октябр 2024 йил

44

Бектемир туманида жиноят муҳокамаси ўтказилди

Бектемир туманида содир этилган талончилик жинояти жамоатчилик вакиллари ўртасида муҳокама қилинди. Унда Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи подполковник Баходир Анваров, туман ИИО ФМБ раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этди.Муҳокама йиғилишида жорий йилнинг 26 октябрь куни тахминан соат 14.30 ларда Нурафшон маҳалласида содир этилган талончилик жиноятининг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари таҳлил қилинди. Йиғилиш давомида туман ИИО ФМБ ходимлари бу каби жиноятларнинг олдини олишда “хонадонбой”, “фуқаробай” усулда иш олиб боришни кучайтириш кераклиги, кўча ва бошқа жамоат жойларида хизмат олиб бораётган ходимлар ҳар бир ҳолатга эътиборли бўлиши лозимлиги, фуқаролар ҳам бу каби ҳолатларга гувоҳ бўлганда зудлик билан ИИОга хабар бериши кераклиги таъкидланди. Ҳар қандай содир этилган жиноий қилмиш жазосиз қолмаслиги алоҳида таъкидланди. Келгусида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.Сўзга чиққан маҳалла фаоллари ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида сўз юритилди.

31 Октябр 2024 йил

100

Мастлигидан фойдаланмоқчи эди

Азиз 20 ёшида босқинчилик жинояти учун 9 йилга қамалганди. Амнистия муносабати билан жазо муддати қисқартирилиб, 2015 йилда ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди. Афсуски, Азиз бундан тегишли хулоса чиқармади. Бир йил ҳам ўтмай 2016 йилда ўғирлик жиноятини содир этди. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, дейилади халқ мақолида. Бироқ у кўр бўлмай туриб қайта-қайта ҳассасини ҳам, йўлини ҳам йўқотиб бораверди. Талончилик жинояти учун 2022 йилда жазо муддатини ўтаб қайтган Азиз ҳадеганда  фойдали меҳнат билан шуғулланиш, ҳаётини изга қўйиш ҳақида жиддий ўйламади. Оила қурмаган, маълумоти ўрта йигит ота-онасининг  топганига шерик бўлиб ўтиришдан ор қилмади. Баъзи-баъзида кунлик ёлланма меҳнатга чиққанини ҳисобга олмаганда, у деярли ота-онанинг қарамоғида эди.— 30 ёшдан ошган шахс келажаги, келгуси ҳаёти ҳақида қайғуриши, орзу-ҳавасларини амалга ошириш учун интилиши керак, аслида. Ота-онаси, яқинларига ёрдам бериш, одамийлик бурчини бажаришга ҳаракат қилмоғи лозим. Бироқ Азизга бу туйғулар ёт эди. У ишламай пул топиш, енгил ҳаёт кечиришни афзал билувчи, панд-насиҳатларни эшитишга тоби йўқ, жиззаки, фақат ўзини ўйловчи шахс эди, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Нуриддин Рамазонов, – Болалигидан ота-онаси доимо ишда бўлган, кўпинча у ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ўз ўрнида ота онаси тарбиялайди деб, онаси отаси тарбиялайди, деб тарбияга суст эътибор беришган. Кейин эса бутунлай издан чиқариб юборишган. Кўча тарбиясига тушиб қолган Азизни қайтаришнинг имкони бўлмагач эса тақдирга тан беришдан ўзга чора тополмаган. Азиз 2023 йилнинг18 сентябрида соат 17.00 ларда Яшнобод тумани Бирлашган кўчасида кетаркан, рўпарасидан мастликдан тебраниб келаётган 1992 йилда туғилган Дилшодни учратиб қолди. Унинг эътиборини Дилшоднинг қўлидаги нархи 2 миллион сўм бўлган “Samsung А-22” русумли телефони тортди. Қўнғироқ қилиб олиш учун телефонини сўради. Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариши, пиво билан сийлашини айтди. Қаҳвахонадан чиқиб,  унга яқин орадаги бозорга кириб ўтишни таклиф қилди. Йўлда Дилшод телефонини сўраганда, Азиз қаҳвахонада унутиб қолдиргани учун узр сўради. Дилшод қаҳвахонага қайтишини айтиб ортига бурилди. Бироқ қаҳвахона ходимлари телефон қолдирилмагани, истаса видеокузатувни кўриши мумкинлигини билдиришди. Дилшод кайф бўлса-да, телефонини ҳозиргина танишган шериги ўғирлаганини англади ва ички ишлар органларига мурожаат қилди.  Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида Азизнинг жиноятини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди (“Талончилик”) билан айбли, деб топди ва 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

30 Октябр 2024 йил

88

Дўконни бўшат, ошхонани жиҳозла!

Отанг бозор, онанг бозор, деган  нақлга амал қилган Баҳром Учтепа туманидаги бозорлардан бирига борди. Ошхона анжомлари сотиладиган дўконга кириб ул-бул нарсалар харид қилди. Бир неча кунни ўтказиб айнан яна шу дўконга кирди. Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш, деганларидек, сотувчи билан салом-алик қилди ва айрим нарсаларнинг нимага қандай ишлатилиши ҳақида сўради, танишди, суҳбатлашди. Орада бир неча марта фалон куни пулини олиб келиб беришни лафз қилиб нарсалар харид қилди. Лафзида турмак, марднинг иши дегандек, лафзида турди. Ваъда берганидек, айтилган куни, айтилган вақтдан бир дақиқа ўтказмай пулини келтириб топширди. Сотувчи кўз ўнгида ҳурмат қозонди. Шундай қилиб сотувчи – Саидбакирнинг ишончига кирди.  2023 йилнинг 7 октябрь куни дўконга кириб келганида Саидбакир уни қадрдонидек қабул қилди. Баҳром сездики, у сотувчининг ишончли мижозлари қаторидан жой олган. Қуюқ салом-аликдан сўнг Баҳром хўжайини – узр, “қаҳрамонимиз” ўзини катта бир ошхона бошқарувчисиман, деб таништирганини айтишни унутибмиз, – янги ошхона очаётгани, унга зарур буюмларни харид қилишни ишониб топширганини, у эса Саидбакирга ишонгани учун ўйлаб ўтирмай шу дўконга қора тортиб келганини айтганида, Саидбакирнинг қувонганини кўрганингизда эди. Ахир у оз эмас, кўп эмас нақ дўконни бўшатиб, 9.605 АҚШ долларлик ошхона жиҳозларини харид қилаётганди. Унинг ичида чўмичдан тортиб, музлатгичгача бор эди. Пулини 22 октябрь кунидан бир кун ва бир соат ҳам кечиктирмай келтириб беришга лафз қилганида Саидбакирнинг бунга заррача гумони йўқ эди.— Худди шу усулда у бозордаги яна бир дўкондорни лақиллатган, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Диас Абдуллаев. – Дўкондор Қ.Ниғматуллани ҳам шу йўсинда ишончига кириб, 9 октябрь куни ундан янги очилаётган ошхона учун деб, 100.000.000 сўмлик  жиҳозларни машинага ортиб кетади. Уларни қай бирини ижтимоий тармоқлар орқали, қай бирини танимаган тасодифий шахсларга арзонроқ нархда пуллаб юборади.Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди 1998 йилда туғилган Баҳромнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисми “а”, “Б” бандлари (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Айбланувчининг илгари судланмаганлиги, пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

30 Октябр 2024 йил

94

Интерактив хизматлар

Text to speech