Маҳалла тинчлиги йўлида
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган “Кулолқўрғон” маҳалласида беш мингдан ортиқ аҳоли тинч-тотув, ҳамжиҳатликда умргузаронлик қилиб келмоқда. Маҳалланинг кичигидан каттасигача аҳолисининг тинчлик-осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликдан, ҳуқуқбузарликлардан, фуқаролар саломатлиги, мол-мулки, шахсиятига тажовузкор унсурлардан асрашда туман ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ профилактика инспекторлари, хусусан, катта инспектори майор Дилшод Манноновнинг билими, малака ва тажрибасига боғлиқ десак муболаға бўлмайди. Дилшод Маннонов маҳалла раиси Суҳбатилла Абдиев, маҳалла фаоллари, “еттилиги”, ташкилот ва корхоналар мутасаддилари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйган. Мазкур ҳамкорлик туфайли кўп йиллар “сариқ” тоифада бўлиб келган маҳалла 2024 йил охирига келиб “яшил” тоифага ўтказилишига эришилди. Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ, албатта. Тизимли равишда аҳолининг барча қатламларини қамраган тарғибот, тушунтириш ишларининг олиб борилиши, фуқаролар турмуш тарзини хонадонбай ўрганиш, ижтимоий-иқтисодий, тиббий муаммоларини биргаликда ҳал қилиш, ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишга қаратилган тадбирларнинг амалга оширилиши натижаси бу. Айниқса, аёлларнинг жамият, оила ва турмушда, фарзандлар тарбиясида тутган ўрнига муҳим аҳамият берилиб, уларнинг турмуш тарзи ўрганилиб, фойдали меҳнатга банд этиш масалаларига катта эътибор қаратилди. Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ва фойдали машғулотлар билан банд қилиш, турли спорт ва касб-ҳунар тўгаракларига жалб қилиш орқали улар иштирокида ҳуқуқбузарликлар содир этилиши камайишига эришилди. Ҳар бир содир этилган жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар – фирибгарлик, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятларнинг жамоатчилик: маҳалла фаоллари, ёшлар, шунингдек муқаддам судланганлар иштирокида кенг муҳокама қилиниши, жамоавий таъсир чоралари кўрилиши ҳам маҳалла тинчлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, профилактик рўйхатда турувчи шахслар билан тизимли равишда профилактик суҳбатлар ўтказилиши боис улар томонидан такрорий жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олди олинди. Лавҳамиз қаҳрамони ички ишлар органларидаги илк фаолиятини 1999 йилда олийгоҳни битирибоқ Шайхонтоҳур тумани ИИБ Қўриқлаш бўлимида сафдорликдан бошлаган. 2017 йилда профилактика ходимлари бўш лавозимларига танлов эълон қилинганида Дилшод иккиланмай ўз номзодини қўйиб, барча синовлардан муваффақиятли ўтгач, Чилонзор туманида жойлашган “Яккатут”маҳалласида профилактика инспекторлигига тайинланди. Профилактика инспектори, капитан Муҳиддин Бозоров унга устозлик қилди. Ўзи нимаики билса, ҳаммасини беназир ўргатди. Юқорида зикр этилган маҳаллада иш бошлаганида бу соҳа бўйича беш йилдан ортиқ тажрибага эга, ўз ишининг мутахассиси, туман, шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан сидқидилдан, намунали хизматлари учун кўплаб миннатдорлик, ташаккурнома, фахрий ёрлиқларнинг соҳибига айланганди. Куни кеча Президентимиз томонидан 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани муносабати билан майор Д.Маннонов маҳаллада тинчлик ва осойишталикни сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга ошириладиган ишларни янада жадаллаштириш, ўзгача руҳда олиб борилишини тақозо этишини таъкидларкан, юртбошимиз, раҳбариятнинг бу борадаги ишончини оқлаш учун бор билим, куч ва имкониятларини сарфлашини билдирди.