ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Йил бошидан амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди

Тошкент шаҳар ИИББ да бош бошқарма бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бош бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, барча туман ИИО ФМБ бошлиқлари, соҳавий хизмат раҳбарлари иштирок этишди. Йиғилишда 2024 йил якунлари сарҳисоб қилинди. Эришилган ютуқлар таъкидланиб, йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди. 2025 йил давомида пойтахт ҳудудида жиноятчиликни барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, жамоат тартиби ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар режалаштирилди. Шунингдек, ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг тарқалишига чек қўйиш, аҳоли орасида кибержиноятларни олдини олиш борасида долзарб вазифалар белгилаб олинди. Йиғилиш сўнгида пойтахт ИИББ бошлиғи муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди ҳамда ижроси юзасидан муддатлар белгиланди.

11 Январ 2025 йил

13

Талончилик жинояти жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Янги йил кириб келганига ҳеч қанча вақт бўлмай, Марат исмли шахс ўз ҳаётини талончилик жинояти билан бошлади. Тафсилотлари эса қуйидагича. 2025 йилнинг 2 январь куни Тошкент шаҳар ИИББнинг “102” раҳамига 1997 йилда туғилган фуқаро Х.Жаҳонгирдан мурожаат тушди. Унда баён этилишича, шу куни тахминан соат 14.00 ларда Бектемир туманидаги кўчада кетаётганида, Марат исмли шахс ундан қўнғироқ қилиб олиш учун уяли телефонини сўраган. Нархи 2.000.000 сўм бўлган “Texno 20” телефон аппаратини қўлга киритгач эса телефонни қайтариб бермаслигини айтиб, юз қисмига мушт туширганча воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳолат юзасидан зудлик билан тергов-тезкор ишлари олиб борилиб, жиноятчининг шахси аниқланди ва у далилий ашёлар билан ушланди. Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси (“Талончилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Келгусида бу каби жиноятларга йўл қўймаслик, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқароларни огоҳлик ва ҳушёрликка чақириш ишлари кўламини кенгайтириш мақсадида Бектемир тумани ИИО ФМБ да ушбу жиноятнинг сабаб ва шароитлари танқидий муҳокама қилинди. Муҳокамада м.ф.й. раислари, маҳалла “еттилиги” ва фуқаролар иштирок этди. Хулоса асносида профилактика инспекторларининг маҳалла мутасаддилари, фаоллари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маҳалла аҳли ўртасида профилактик ва тарғибот ишларини жадаллаштириш, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишилди.

10 Январ 2025 йил

141

Бекорчининг бемаза қилиғи

Бекорчиликдан зериккан Ойбек Яшнобод туманида жойлашган “Тошкент” савдо марказига йўл олди. Аслида бир нафар вояга етмаган фарзанди бор, оилали одамнинг бекорчи бўлишининг ўзи хунук. Ота оиласини боқиш, рўзғорини тебратиш учун ҳар қандай меҳнатнинг этагини тутиши лозим назаримизда. Боз устига муқаддам фирибгарлик жиноятини содир қилиб, ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинган одамга ишсиз юриш номақбул. Аммо Ойбек бундан виждони қийналиб ёки пушаймонликдан ич-этини еб юргани йўқ. Ўша куни ҳам, яъни 2022 йилнинг февраль ойида юқорида номи келтирилган савдо марказида телефон аппаратлари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи таниши Ў.Улуғбекнинг олдига бориб, баҳоси 1.500.000 сўм бўлган “Samsung А6” телефонини сотиб беришга ваъда бериб олиб кетди. Кўп ўтмай 1.130.000 сўмлик “Redmi Note 7” телефонини вақтинча фойдаланиш учун сўраб олганча қорасини кўрсатмади. Табиийки, уларни арзон нархга нотаниш кимсаларга сотиб юбориб, пулини дўкон эгасига қайтариб беришни хаёлига ҳам келтирмади. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1994 йилда туғилган С.Ойбекнинг қилмишини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг қилмишига пушаймонлиги, жабрдийдага етказган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, оилавий шароитини инобатга олиб, шу модда билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди. Мазкур фирибгарлик жинояти тафсилотлари билан Яшнобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Одил Маматаев таништирди.

8 Январ 2025 йил

205

Интерактив хизматлар

Text to speech