ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тошкентда “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” ойлигига старт берилди

Тошкент шаҳрида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жамоат тартибини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари тун-у кун хизмат олиб бормоқда. Лекин шунга қарамасдан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар салмоғи юқорилиги ачинарли ҳолатдир. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан бу турдаги жиноятларга қарши курашиш йўналишида олиб борилган чора-тадбирлар натижасида пойтахтда 2024 йил давомида аниқланган ҳолатлар юзасидан 3 447 та жиноят ишлари қўзғатилган. Ушбу жиноятларнинг 2 413 таси ёки 70 фоизи интернет тармоғи билан боғлиқ ҳолда содир этилган. Тадбирлар натижасида 238 кг 815 грамм гиёҳвандлик, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштирилиб, ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Бу ҳар бир рақам ортида инсон тақдири, фуқаролар соғлиғи, ёшларнинг келажаги ётганлигини унутмаслигимиз керак. Тошкент шаҳрида бу каби жиноятларга кескин курашиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида, 2025 йилнинг 15 январь кунидан “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” комплекс махсус тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги бошланди. 15 февраль кунига қадар давом этадиган ойлик доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан туну кун хизмат ташкил этилиб, кундузги ва тунги махсус гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган. Ойлик доирасида кучайтирилган тартибда тунги рейдлар ўтказилиб, ўткир тиғли ва бошқа тақиқланган буюмларни олиб юриш, гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш ("закладчик"), “наркограффити” билан шуғулланиш каби ҳолатлар аниқланиб, қонуний қарор қабул қилинишини таъминланади. Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Сиз ҳам ушбу ойлик доирасида фаол иштирок этишингизни сўраймиз. Гиёҳвандлик моддалари ёки кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланувчилар, шунингдек наркограффити ёзувларини ёзиб кетувчи шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, 71-206-44-79 телефон рақамига ёки @stopnarko_bot телеграм бот орқали мурожаат қилишингиз сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

15 Январ 2025 йил

70

Танловида адашмади

Касбга иштиёқ ёшликдан бошланади. Аввал ҳавас бўлган туйғулар агар у мустаҳкам бўлса, ўзингиз билан бирга вояга етиб, мақсадга айланади. Ҳилола Одил ака ва Лолахон опаларнинг уч фарзанди ичида яккаю ягона қиз бўлганлиги боис, онаси унинг врач бўлишини истаган бўлса, отаси эса унинг ҳар бир қарорига хайрихоҳ эди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаган Ҳилола Республика ИИВ Академиясига ҳужжатларини топширишини айтганида, онаси “бу эркакларнинг касби, қиз болага дўхтирлик ярашади”, деган аммо отаси унинг танловини қўллаб-қувватлаган эди. У тергов йўналишини танлади. Тингловчилик даврини ортда қолдириб, илк хизмат фаолиятини 2007 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ИИБ Тергов бўлими терговчиси, лейтенант унвонида бошлади. Устози бўлим теровчиси, майор Ҳусниддин Умирбоев камтар, ўта тортинчоқ, жиккаккина, кўринишидан ишонувчан қизни кўрганида: “бундан терговчи чиқмайди, сал қаттиқ гапирсанг йиғлаб юборай дейди-ку, қўпол, сурбет жиноятчини қандай сўроқ қилади”, деган фикрда, унга фарзандларига алимент тўлашдан қочиб юрганлар ишини топширишни лозим топди. Бироқ Ҳилоланинг фарзандлари ҳақини тўламай, ўзларини ҳар хил кўйга солиб – исм-шарифларини ўзгартириб, қўшни давлатларга чиқиб кетиб, яшаш жойларини яшириб – қочиб юрганларни топиб уларни қонунан “танобларини тортиб” қўяётганини, болалар ҳақларини тийин-тийинигача ундириб бераётганини кўргач, фикрини ўзгартирди. Товламачилик, босқинчилик ва бошқа оғир жиноятлар билан боғлиқ тергов ишларини ишониб топшира бошлади. Хизматга сидқидилдан ёндашуви, тергов ишларини қонундан оғишмай юритиши, тўғри таснифлаши унинг Тошкент шаҳар ИИББ Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида фаолиятини давом эттиришда қўл келди. Бу ерда шаҳар ва вилоят туманларидаги ички ишлар органлари фаолиятидаги айрим фарқлар тезда кўзга ташланди. Иш ҳажмининг кўлами, жиноят турларининг деярли барчасининг шаҳарда учраши, “шаҳарлашган жиноятчи”ларнинг муомаласига ўрганиш, кўникиш лозим эди. Устози майор Шорасул Шоназаров ёш терговчига хизматнинг ўзига хос жиҳатларини ўргатиш баробарида топширилган ҳар бир жиноий ишларнинг шогирди томонидан юритилишини қатъий назорат қилиб, йўл қўйган хато ва камчиликларини кўрсатиб борди. Бугунги кунда пойтахт ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Ҳилола Аманова ҳақида бошқарма раҳбарияти унинг интизомлилиги, меҳнатсеварлиги, шахсий таркибни ўзига эргаштира олиши, ишни хизматга оид буйруқ, кўрсатма ва меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида ташкиллаштириб, самарали олиб бораётганини эътироф этади. Шунингдек, у ўтказилаётган амалий машғулотлар ҳамда шахсий таркибни ўқитиш, тарбиялаш, касб ва жанговар маҳоратларини ошириш билан боғлиқ чора-тадбирларни унумли ташкиллаштириб келмоқда. Кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, подполковник Ҳ. Аманова инсоннинг яхши-ёмон бўлиши оилага, ундаги тарбияга боғлиқлигини таъкидлайди. – Ҳаёт фақат хурсандчилик ва ҳузур-ҳаловатдан иборат эмас. Унинг ўзига яраша синовлари, аччиқ ва оғир машаққатлари бор, –дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Бундай ҳолатларда тушкунлик, умидсизликка тушмаслик, эгри йўлларни танламаслик учун касб-ҳунар эгалламоқ, билимли бўлмоқ, кўпроқ китоб ўқимоқ керак. Айниқса, қиз-аёллар учун ҳунар ва одоб-тарбия жуда зарур. Куни кеча подполковник Ҳ.Аманова Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан сидқидилдан, фидойи меҳнатлари учун Республика ИИВ томонидан II-даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Подполковник Ҳ.Аманова турмуш ўртоғи ички ишлар ходими Аброржон билан бир қиз ва икки ўғилни билимли, юртимиз, халқимиз корига ярайдиган баркамол, соғлом фикрли инсонлар бўлиб етишиши йўлида тарбиялаб келишмоқда. Кун келиб, улар ўз ютуқлари ва юртимизга муносиб хизматлари билан ота-онасининг юзини ёруғ, келажагини саодатли қилиши, шубҳасиз.

15 Январ 2025 йил

100

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг байрам табриги

Ўз ҳаётини эл-у юрт осойишталигини сақлашдек улуғ ва олийжаноб ишга бағишлаган, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўлида фидойилик билан хизмат қилиб келаётган ички ишлар органларининг барча ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, фахрийлар ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан самимий табриклайман. Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ўтган даврда миллий армиямиз қудратини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини янада мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, қўшинларнинг жанговар шайлигини кучайтириш, ходим ва ҳарбий хизматчиларимизнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу йилги байрамлар “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори асосида ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Бугунги кунда миллий армиямиз, халқимиз тинчлиги, давлатимиз мустақиллиги кафолати бўла оладиган чинакам қалқонга айланди. Кези келганда таъкидлаш лозимки, ички ишлар органларида хизмат қилаётган ҳар бир ходимдан, ҳарбий хизматчидан юртга чексиз садоқат, хизмат бурчига фидойилик Жалолиддин Мангуберди, соҳибқирон Амир Темур, Бобур Мирзо каби улуғ аждодларимизга муносиб ворис бўлишни, улар олдидаги фарзандлик бурчини асло унутмасликни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу боис ҳам ҳар бир ходим аввало, ватанпарвар бўлиши ва садоқат билан хизмат қилиши, ўзининг дунёқараши, масъулияти ва ташаббускорлиги билан эгаллаб турган лавозимига муносиб бўлиши, ҳар қандай таҳдид ва хатарларни олдиндан сезиб, уларга қарши курашишга доимо шай туриши жуда муҳим саналади. Ишончим комилки, ўз касбига садоқатли, фидойи ходимларимиз зиммасига юклатилган вазифаларни чуқур ҳис этган ҳолда ўзларининг бор билим, малака ва куч-ғайратини сафарбар этиб, халқимиз ва Президентимиз ишончига доимо муносиб бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, юртимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш каби шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман! Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Р. Бобожонов

14 Январ 2025 йил

108

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар! Муҳтарам Қуролли Кучларимиз фахрийлари! Қадрли юртдошлар! Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этаман. Барчамиз учун шон-шараф тимсолига айланган мана шу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган ботир ва довюрак ўғлонларимизни, муҳтарам фахрийларимизни табриклаб, уларнинг шаънига энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг азму шижоатингиз, эл-юртга садоқатингиз туфайли халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти таъминланмоқда, мамлакатимизнинг мудофаа салоҳияти мустаҳкамланмоқда, миллий армиямизнинг жанговар қобилияти юксалмоқда. Юртимиз бўйлаб жасорат мадҳиялари янграётган бугунги улуғ кунларда Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган қаҳрамон ҳарбийларимизнинг сўнмас хотираси олдида барчамиз ҳурмат бажо келтирамиз. Фурсатдан фойдаланиб, мард ва баҳодир юрт посбонларини тарбиялаган барча ота-оналарга, ҳарбий хизмат давомида Ватан ҳимоячиларига тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман. Азиз дўстлар! Кейинги йилларда олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги, чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашнинг чинакам кафолатига айланиб бормоқда. Барча қўшин турлари замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги узлуксиз ошиб бормоқда. Миллий армиямиз улар учун, ёшларимиз учун мардлик ва шон-шараф мактабига айланмоқда. Энг муҳими, халқ билан армия тобора яқин бўлиб бораётгани ҳарбий соҳа ривожига янгича куч ва сифат бағишламоқда. Бугунги кунда навқирон авлодимиз ўртасида ҳарбий хизматга қизиқиш кучайиб, минглаб йигит-қизларимиз Ватан ҳимоясига дадил бел боғлаётгани барчамизни чексиз қувонтиради. Биз ана шундай ўтюрак фарзандларимиз тимсолида бўлғуси қаҳрамонларимиз, Қуролли Кучларимизнинг бўлажак офицер ва генераллари, моҳир қўмондонларни кўрамиз. Айни вақтда барчамиз яхши англаймизки, ҳозирги вақтда, дунё миқёсида турли хавф-хатарлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бораётган ўта мураккаб вазиятда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий шайлигини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида бу борада бошлаган ишларимизни мутлақо янги сифат босқичига кўтаришимиз шарт. Хусусан, Қуролли Кучларимизни янги, модернизация қилинган ўт очиш тизимлари ва техника билан таъминлашни ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини, қўшинларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда давом эттирамиз. Ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактабларда бошланғич ҳарбий таълим сифатини ошириш, ўқувчи ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Аскар ва офицерларнинг профессионал маҳорати, ҳарбий билим юртларида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрлар захирасини яратиш доимо устувор вазифамиз бўлиб қолади. Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучларимиз фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам диққатимиз марказида бўлади. Ана шу муҳим вазифаларни бажаришда, ҳеч шубҳасиз, ҳарбий-маъмурий секторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки, халқ билан мулоқот ва маслаҳат асосида, унинг иштирокида амалга оширилган иш албатта қудратли ижобий кучга эга бўлади. Умуман, бугунги кунда барчамиз – қайси соҳа ёки тармоқда, қандай лавозимда ишламайлик, Ватан ҳимоячиси бўлишимиз зарур. Бу талабни даврнинг ўзи олдимизга қатъий вазифа қилиб қўймоқда ва халқимиз ҳам биздан айнан шуни кутмоқда. Қадрли Ватан ҳимоячилари! Она юрт қалқонлари, тинчлик посбонлари шарафланадиган мана шу қувончли кунда сиз, азизларни шонли байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан қутлайман. Барчангизга муқаддас қасамёдингизга содиқ қолиб, хизмат бурчингизни юксак даражада адо этишда мустаҳкам соғлиқ, улкан муваффақиятлар, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман. Жонажон Ватанимиз ҳимояси йўлида ҳеч қачон толманг, ютуқ ва зафарлар доимо сизларга ёр бўлсин!   Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

14 Январ 2025 йил

100

Интерактив хизматлар

Text to speech