Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабасига етказилган тан жароҳати ҳақида расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда ёш йигитнинг касалхонада ётганлиги акс этган фотосурат тарқалди. Фотосурат шарҳига “Санъат институти талабаси 5 кундан бери комада”, деб ёзилган

Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Жорий йилнинг 19 февраль куни соат 12.30 ларда 18 ёшли Мадамин А. ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси 20 ёшли Жахонгир А. ўртасида келиб чиққан можаро, жанжалга айланган. Натижада Мадамин А. қўл жанги усулини қўллаб, иккаласи ерга йиқилган. Йиқилиш жараёнида Жахонгир А. бетон тўсиққа боши билан урилган. Оқибатда у тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (“Қасддан оғир тан жароҳати етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Мадамин А. жиноят ишига гумон қилинувчи сифатида жалб қилинган. Тергов давом этмоқда.

Шунингдек, ҳозирда Жахонгир А. жароҳлик амалиётидан ўтганлигини ва кома ҳолатидан чиққанлигини, шифокорлар унинг аҳволини мўътадил деб баҳолаётганлигини маълум қиламиз.

Қўшимча маълумот, ҳозир аниқланишича, йигит яна комага тушиб қолган. Унинг тезроқ тузалиб кетишини, оиласи ва яқинларига куч ва сабр тилаймиз.