ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ўғри қаерда ўтириши керак?

Бу саволга машҳур “Учрашув жойини ўзгартириб бўлмайди” фильмидаги Жиноят-қидирув тезкор бригадаси бошлиғи, капитан Глеб Жеглов аниқ жавоб берган. Мана бунинг яна бир исботи. Ҳали ўттизга кирмай хавфли рецидивист мақомини олган Раҳматилла оиласининг юзини қаро қилиб, маҳаллада йиллаб, мисқоллаб йиққан обрўсини бир пул қилди. 7 маротаба ўғирлик қилиб турли жазоларга – ахлоқ тузатишдан то озодликдан маҳрум қилишгача жазоланганига қарамай, тўғри йўлни танламади. У 2024 йилнинг 30 апрель куни соат 17.30 ларда Учтепа тумани Нишабариқ маҳалласида бекорчиликдан айланиб юриб, йўл ёқасида тизилиб турган автомашиналарни кўздан кечира бошлади. Фуқаро Ф.Иззатилла ўзига тегишли “Nexia-2” автомашинасини қулфламай кетгани Раҳматиллага қўл келди. У ёқ-бу ёққа аланглади. Аста автомашинанинг орқа ўнг эшигини очиб, нархи 12.000.000 сўм бўлган “Iphone 13 pro” телефонини чўнтагига солди-да жуфтакни ростлади. Телефонлар сотуви билан шуғулланадиган дўконларга сотишга уринишлари бекор кетди, сотувчилар телефоннинг ҳужжатларини сўраб, “асабига тегишди”. Каттароқ пулга сотиш нияти амалга ошмаслигини англаган Раҳматилла, телефонни номаълум шахсга 400.000 сўмга сотиб юборди. Ўғирлик ҳақида фуқаро Ф.Иззатилладан мурожаат тушиши ҳамоноқ Учтепа тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ўғри тезда қўлга олинди. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1998 йилда туғилган, муқаддам судланган Раҳматилланинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топди. Раҳматилланинг қилмишидан пушаймонлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги ҳамда оилавий шароитларини инобатга олиб 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.Ҳа, ўғрининг жойи – қамоқ. Зеро, жиноят жазосиз қолмайди. Ушбу жиноят иши тафсилотлари Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Аҳмаджон Раҳматовнинг иш юритувидан олинди.

29 Апрел 2025 йил

10

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда бир нечта фуқаролар ўзаро жанжаллашганлиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Жорий йилнинг 15 апрель куни тахминан соат 16.30 ларда Яшнобод туманидаги бозорлардан бирида, шу бозорда савдо қилувчи фуқаролар: 1998 йилда туғилган А.А., 2006 йилда туғилган З.Д., 1982 йилда туғилган Н.Э. ҳамда 1984 йилда туғилган М.М. лар тортишиб қолиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ўзаро жанжаллашиб кетишган. Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан ушбу фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ("Майда безорилик") билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судига юборилган.

28 Апрел 2025 йил

423

Пробация хизмати ва сайёр судлар ҳамкорлиги

2018 йилда давлатимиз раҳбарининг “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра ички ишлар органлари жазоларнинг ижро этилишини таъминлаш тизими тубдан ислоҳ қилинди. Натижада, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини назорат қилиш бўлими негизида ИИБ га бўйсинувчи Пробация хизмати ташкил этилди. Ахлоқан тузалиш йўлига ўтган ҳамда юклатилган мажбуриятларини виждонан бажариб, ўрнатилган тартиб-интизомга амал қилиб келаётган маҳкумлар суд қарори билан жазо ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади. Жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб ёки ўрнатилган тартиб - қоидаларни бузган шахсларнинг жазоси оғирроқ турига алмаштирилади. Куни кеча пойтахтимизнинг қатор туманларида “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида сайёр судлар бўлиб ўтди. Хусусан, Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди сайёр суд мажлисида пробация ҳисобида турувчи 7 нафар маҳкумларнинг иши кўрилиб, улар тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Яшнобод туманида ўтказилган сайёр суд мажлисида ахлоқан тузалиш йўлига ўтган, ҳалол меҳнатни танлаган 4 нафар шахс муддатидан илгари шартли озод этилган бўлса, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб, ўрнатилган тартиб-қоидаларни менсимаган, уларга амал қилмаган 2 нафар шахснинг жазоси оғирроғига алмаштирилди. Пробация ҳисобида турган, назорат остидаги шахсларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳолатини янада яхшилаш, уларни тузатиш, жамиятга мослашувини таъминлаш, жамиятда ўз ўрнини топишга бўлган иштиёқини қўллаб-қувватлаш мақсадида, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида эса 13 нафар шахсга нисбатан туман пробация бўлими тақдим этган муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш бўйича киритилган тақдимномаси кўриб чиқилди. Юнусобод туманида ҳам худди шундай сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унда қилмишларидан пушаймон бўлган, ўзларини ижобий томондан кўрсатган бир қатор шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроқ турига ўзартириш масалалари кўриб чиқилди. Мажлисда ўз қилмишидан пушаймон бўлган, интизомий жазоларга йўл қўймаган, ўзини ижобий томондан кўрсатган бир қанча шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди ҳамда суднинг қарори билан уларга енгиллик берилди. Сайёр суд қарорига кўра муддатидан илгари шартли озод қилинган, жазоси енгилроғига алмаштирилган шахслар билан пробация ходимлари томонидан олиб борилган профилактик-тушунтириш ишлари, суҳбатлар жараёнида уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тушунтирилиб, мурожаатларининг ижроси назоратга олинди. Бу каби шахсларнинг жамиятимизнинг тўлақонли фуқаролари бўлиши, мослашувини таъминлаш борасидаги ишлар пойтахтимизнинг бошқа туманлари Пробация хизмати томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

28 Апрел 2025 йил

113

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading