ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ХИЗМАТИГА НОМЗОДЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ВА УЛАРГА ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР
Хизматга танлов асосида, ихтиёрий тартибда ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, шу жумладан ўттиз ёшдаги ҳам, ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотга эга, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.
Бунда, ўғил болалар бўйи 165 см.дан, қиз болалар (аёллар) бўйи 160 см.дан паст бўлмаслиги, ўғил болалар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақирув резервида ҳарбий хизматни ўтаган, ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган бўлиши керак.
Танлов мавжуд бўш лавозимлар учун ўтказилади. Танлов ўтказилишидан камида ўн кун олдин ички ишлар органининг расмий веб-сайтида бўш лавозимлар тўғрисида эълон берилади.
Эълонда танлов ўтказиш жойи ва куни, тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар рўйхати ҳамда хизматга қабул қилиш тартиби ва белгиланган имтиёзлар кўрсатилади.
Белгиланган кунлардан олдин ёки кейин мурожаат этган фуқаролар номзодлар руйхатига киритилмайди.
Хизматга қабул қилиш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:
дастлабки танлов – дастлабки суҳбат, психологик ўрганиш, умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;
якуний танлов – якка тартибда суҳбат.
Дастлабки танловнинг ҳар бир босқичининг натижалари эълон қилиниб борилади. Синовларнинг биридан ўта олмаган номзоднинг ҳужжатлари расмийлаштирилишдан тўхтатилиб, кейингисига қўйилмайди.
Номзодларнинг тегишли ҳужжатларини расмийлаштириш давомида унга хизматга яроқлилик даражасини аниқлаш мақсадида ҳарбий-тиббий комиссияга йўлланма берилади.
Шахсий ҳужжатлар йиғмажилди тўлиқ расмийлаштирилиб, ҳарбий-тиббий комиссия томонидан хизматга яроқли деб топилган номзодлар якуний танловга қўйилади.
Якуний танловда, қоида тариқасида, бир лавозимга камида иккита номзод иштирок этиши лозим.
Якуний танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар, ички ишлар органлари қабул комиссиясининг якуний қарорига мувофиқ, хизматга қабул қилинади.
Айрим тоифадаги номзодларга танловларда имтиёз ва устунликлар бериш тартиби
Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари дастлабки танловдан муваффақиятли ўтган, шахсий ҳужжатлар йиғмажилдлари белгиланган тартибда расмийлаштирилган ва ҳарбий-тиббий комиссия томонидан хизматга яроқли деб топилган тақдирда якуний танловсиз ички ишлар органлари хизматига қабул қилинади.
Республикада 1-ўринни, халқаро танлов ва мусобақаларнинг индивидуал ва жамоавий турларида 1-3 ўринларни эгаллаган спортчилар, илмий даража ёки илмий унвонга эга бўлганлар, олий таълим муассасаларини имтиёзли диплом билан тамомлаганлар номзодларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдлари белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, ҳарбий-тиббий комиссия томонидан хизматга яроқли деб топилган тақдирда, психолог-мутахассиснинг индивидуал суҳбатидан ўтгандан сўнг якуний танлов асосида ички ишлар органлари хизматига қабул қилинади.