Таъмирлаш важи билан содир этилган фирибгарлик юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Юнусобод тумани ИИО ФМБга 44 ёшли Улуғбек К. ариза билан мурожаат қилиб, 2023 йил апрель ойида Андрей К. ўзини қурилиш бўйича уста деб таништириб, уйида таъмирлаш ишларини бажаришни ваъда қилди. Хизмат ҳақи сифатида олдиндан Улуғбекдан 142 млн сўм олган. Аризачи сўзларига қараганда, уста таъмирлаш ишларини бошлаган, бироқ бироз вақт ўтгач, у ишни тўхтатиб, уй эгаси билан учрашмасдан қочиб юрган, телефон қўнғироқларига жавоб бермай қўйган. Ҳолат юзасидан ўтказилган текширув жараёнида ушбу шахс пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, таъмирлаш ишлари юзасидан ишончли усталарга мурожаат қилишни ва иш тўлиқ топширилгандан кейингина пулини тўлашни тавсия қиламиз.