Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс вояга етмаган қизга нисбатан куч ишлатганлиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Жорий йилнинг 10 март куни тахминан соат 16.30 ларда Яшнобод тумани, “Дўстобод” маҳалласи ҳудудида, 2006 йилда туғилган, 2-гуруҳ ногирони, руҳий-асаб касалликлари диспансерида рўйхатда турувчи Х.Д. шу ердан ўтиб кетаётган вояга етмаган 2013 йилда туғилган М.Х.га нисбатан куч ишлатган. М.Х. бақирганлиги натижасида Х.Д. уни қўйиб юбориб воқеа жойидан кетиб қолган. Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган текширув жараёнида М.Х.га зарар етмаганлиги аниқланган ва у билан психолог томонидан суҳбат ўтказилган. Фуқаро Х.Д. воқеа содир бўлган куннинг ўзида шаҳар руҳий-асаб касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.