Ижтимоий тармоқларда фуқаронинг ИИО ходимларига қаршилик кўрсатаётгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Жорий йилнинг 11 март куни тахминан соат 21.30 ларда Миробод тумани ҳудудида 1989 йилда туғилган (муқаддам бир неча маротаба Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47, 161, 183, 188 прим.3-моддалари билан маъмурий жавобгарликка тортилган) Х.А. ўзининг уч нафар вояга етмаган фарзандларидан (2015 й.т., 2020 й.т., 2022 й.т.) фойдаланиб, уларнинг соғлом ҳаёт кечириши, таълимга жалб қилинишини таъминламасдан, тиланчилик билан шуғулланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳуқуқбузарликни тўхтатиш ва қонуний чора кўриш мақсадида ППХ ходимлари ушбу аёлни яқин орадаги ИИБ га таклиф қилишган. Бироқ фуқаро ички ишлар органлар ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жамоат тартибини бузишган. Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан фуқаро Х.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (“Майда безорилик”), 188 прим. 3-моддаси (“Тиланчилик қилиш”) ва 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Уч нафар вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. Видеотасвирда акс этган ҳолатда ходимларнинг ҳаракатига бахо бериш мақсадида хизмат текшируви тайинланган.