14 Декабр 2024 йил 37

Пиёдалар учун афзалликлар

Мамлакатимизда йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг жумладан, пиёдалар, айниқса болалар иштирокидаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланиб келинмоқда. Айтиш жоизки, уларнинг хавфсизлиги, соғлиқ-саломатлиги давлатимиз ва қонунчилигимиз томонидан ҳимояланиб келинади ва ҳамиша эътиборда. Ўрганишлардан маълум бўлмоқдаки, йўл инфратузилмасидаги айрим мавжуд хато ва камчиликлар пиёдаларнинг ҳаракатланиш хавфсизлигига салбий таъсирини кўрсатмоқда. Пиёдалар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёдалар ҳаракатининг устуворлиги, йўлларда ҳаракатланишнинг тенг хуқуқли иштирокчиси эканлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг 30 ноябрида йўл ҳаракати қоидаларига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритди. Чунончи, Йўл ҳаракати қоидалари иловасига мувофиқ «Баланд пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқларини амалга тадбиқ қилиш белгиланди. «Баланд пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқлари шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларининг ёритилган, юқори тезлик соатига 30 километргача чеклов ўрнатилган йўл участкаларида, турар-жой даҳаларидаги кўриниш чекланган чорраҳаларда, болалар майдончалари, таълим муассасалари олдидаги йўл қисмлари, оммавий дам олиш жойлари, стадион, вокзал, савдо марказлари ҳамда бошқа одам гавжум жойларда, кўчаларнинг 1.21. «Болалар» йўл белгиси таъсиридаги қисмларига ўрнатилади. Мазкур 5.48. «Баланд пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси (илова қилинади) 5.16.1 – 5.16.2 йўл белгилари билан бирга қўлланилади. Мазкур йўл белгиси ва йўл ётиқ чизиқлари ҳайдовчиларни огоҳлик ва ҳушёрлигини ошириб, пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун хизмат қилиши, улар иштирокидаги кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш имконини бериши, шубҳасиз. Пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш борасида, ҳудудлардаги ҳолатлар ўрганилиб, тегишли манзилларга мазкур белгилари ўрнатилиши, пиёдаларга қулайлик яратилиб, уларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланиши муқаррар.

Барча янгиликлар

Text to speech