13 Сентябр 2024 йил 438

Нозиктаъб зўравон

Фарҳоднинг жазо муддатини ўтаб қайтганига кўп бўлгани йўқ. Фойдали меҳнат билан шуғулланиш, иш қидиришга ҳадеганда шошилавермади. Аммо ишсизликдан ҳам зерикаркан одам. Бекорчилик ҳам жонга тегаркан, ўзини қўйишга жой тополмай қолди. Таниш билишлари ишда, тирикчилик ҳаракатида, бош қашишга вақтлари йўқ-ку, у билан валақлашиб ўтиришга қаёқдан вақт топишсин. 2022 йилнинг 14 сентябри. Фарҳод кўчага чиқди. Куни билан кўча кезди. Кечки соат 18.30 ларда  таниши Умарни учратиб қолди. У ўзига тегишли Lacetti автомашинасида киракашлик қилаётганди. Фарҳодга бўш бўлса, биргаликда шаҳар кезишни таклиф қилди. Фарҳод жон-жон деб кўнди. Йўлма-йўл гурунглашиб, бир-икки йўловчиларни манзилларига элтиб ҳам қўйишди. Соат кечки саккизларга яқин суҳбатлари ўз-ўзидан кескинлаша бошлади. Бунга Фарҳоднинг “ишдан келиб уйингда мазза қилиб дамингни олиб ётмайсанми, киракашлик қилиб пул топаман, деб оч бўридай шаҳар кезиб мижоз қидирмасдан”, деган гапига Умарнинг “хотинни топганини еб ётиш эркакнинг иши эмас”, деган жавоби баҳона бўлди. Бу гап Фарҳоднинг иззат-нафсига теккандан тегдики, аввал унга мушт туширди кейин ёнидаги ош пичоғини олиб танишининг ўнг кўкрак қафасига урди. Умар чаққонлик қилиб, машинани тўхтатди-да тушиб одамларни ёрдамга чақира бошлади.

– Тергов жараёнида ўтказилган суд-тиббий экспертизаси жарбланувчига етказилган жароҳатларни ҳаёт учун хавфли, деб эътироф этди, –дейди Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Анвар Оқназаров.–Умар ва Фарҳод болаликдан таниш, оилаларининг салом-алиги бор. Шунга қарамай, Фарҳод уни аяб ўтирмади. Андиша, одамийлик, одоб-ахлоқ қоидаларини йиғиштириб қўйиб ўзини бадфеълини кўрсатди.

Жиноят ишлари бўйича  Янгиҳаёт туман суди 1991 йилда туғилган, бир нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз бўлган Фарҳоднинг қилмишларини қонунан баҳолаб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Унга 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech