Махсус курс иштирокчилари Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ташриф буюрди
Куни кеча Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди. Шу муносабат билан билим юртга Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ташкил этилган махсус курслар иштирокчилари ҳам ташриф буюрди.
Таълим муассасаси бўйлаб уюштирилган саёҳатда улар спорт билан шуғулланиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Ўсмирлар таълим муассасасининг тарихи ва бугунги кунидан ҳикоя қилувчи музейнинг бой экспозициясини кўздан кечирди. Билим юрти вакиллари томонидан ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар ҳамда алоқа воситалари намуналари намойиш этилди.
Шунингдек, тадбир давомида “Халқ ва армия бир тану бир жондир” шиори остида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди. Меҳнат фахрийлари, истеъфодаги ҳарбийлар узоқ йиллик фаолияти давомида ўзларининг ҳаётий тажриба ва кўникмаларини ёшларга сўзлаб бердилар. Бу каби учрашувлар ёшлар кўнглида Ватанга садоқат ва муҳаббатни шакллантиришга хизмат қилади.