Мустақиллик байрами арафасида Тошкент шаҳар ИИББ бўлинмалари ходимларининг касб маҳорати, билим савияси ва жанговар тайёргарлигини янада ошириш мақсадида “Энг яхши тезкор ходим” ва “Энг яхши профилактика инспектори”номинацияси бўйича кўрик-танловнинг саралаш босқичи бўлиб ўтди.
Унда Бош бошқарма тизимларида хизмат олиб бораётган 27 нафар профликатика инспекторлари, 13 нафар тезкор ходимлар иштирок этишди.
Дастлаб, танловнинг 1- ва 2-шартлари яъни, Жисмоний ва жанговар тайёргарлик даражасини аниқлашга қаратилган синовлар ўтказилди.
Унда иштирокчилар спорт тўсинида тортилиш, 100 метрга югуриш, 3000 (1000) метрга югуриш, қўл жанги усулларини бажариш ҳамда Макаров пистолети (ПМ) ва Калашников автомати (АК) жанговар қуролларини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича ўзаро куч синашдилар.
Шундан сўнг, 3- ва 4-шартларда иштирокчиларнинг билим даражасини аниқлаш мақсадида мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотлар, ички ишлар органлари фаолиятига оид қонун ва қонуности ҳужжатлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан тавсия этилган китоблар юзасидан тест саволлари, иштирокчиларнинг IQ (интелектуал коеффицент) ва интелектуал психологик хусусиятлари даражасини аниқлашга қаратилган психологик тестлар ечишди.
Ва ниҳоят охирги шарт, яъни якка тартибдаги суҳбатда иштирокчилар хизмат фаолиятидаги ютуқлари, хизмат фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлари бўйича комиссия аъзолари ҳузурида тақдимот (слайд, видеоролик, фотоалбом кўринишида) ўтказишди ва Комиссия аъзолари томонидан берилган саволларга жавоб беришди.
Барча шартлар якунига кўра, “Энг яхши профилактика инспектори” номинацияси бўйича 1-ўринни Яккасарой туман ИИО ФМБдан катта лейтенант Ҳ. Усмонов, 2-ўринни Шайхонтоҳур туман ИИОФМБдан лейтенант Б. Рахмонов ва 3-ўринни Юнусобод тумани ИИОФМБдан подполковник Ф. Холиқулов, “Энг яхши тезкор ходим” номинацияси бўйича 1-ўринни ИИББ ТҚКБдан катта лейтенант М. Чулиев, 2-ўринни Чилонзор туман ИИО ФМБдан катта лейтенант Б. Ташпулатов, 3-ўринни ЖҚБдан капитан Бекчан-Зариф Рахимбек эгаллади.
Саралаш босқичида ғолиб бўлган иштирокчилар Бош бошқарма раҳбарияти томонидан тегишли даражадаги диплом ва пул мукофоти билан тақдирланди ҳамда танловнинг Республика босқичига йўлламани қўлга киритишди.