Юртимизда ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Лекин, афсуски, энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда.
Ёқилғи-энергия ресурсларини ишлаб чиқаришдан бошлаб истеъмолчига етказиб берилгунга қадар бўлган жараёнларни назорат қилиш, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик ва тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва «рақамли энергоназорат» тизимини жорий этиш тўғрисида” ги Фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назорати янада кучайтирилди.
Фармон асосида ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика, шунингдек ҳудудий, туман (шаҳар) штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларга барҳам бериш чораларини кўриш, штабларнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб, аҳоли томонидан Энергетика вазирлигининг Интернет тармоғидаги махсус ахборот тизимига юборилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Тошкент шаҳрида электр, газ узатиш ва тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини ўрганиш натижасида йил бошидан 1 525 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди, шундан 630 таси табиий газдан фойдаланиш, 895 та ҳолат электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ўтказилган текширув натижасида 634 та маъмурий иш, 29 та жиноят иши қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 101-моддасига кўра, электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Шундай қилмиш маъмурий жазо қўлланганидан сўнг такроран содир этилса ёки анча, кўп, жуда кўп миқдорларда содир этилса, Жиноят кодексининг 185 прим.2-моддасига кўра жиноят сифатида малакаланади.
Бироқ, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш орқали талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар юқорида кўрсатилган моддалар билан малакаланмайди. Бундай қилмиш ўғрилик сифатида малакаланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.