Тошкент ИИББ ташаббуси билан Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида тўртинчи бор профилактик ҳисобда турган ўсмир болалар учун махсус ўқув курслари ташкил этилди.
Махсус ўқув курсларининг мақсади ўсмирларни ижтимоий-ҳуқуқий нуқтаи назардан қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлаш ва келгуси мустақил ҳаётга тўғри йўлга қўйишдан иборат.
Ушбу дастур давомида ўсмирлар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Бундан ташқари, уларнинг ҳар бири билан индивидуал суҳбат ўтказилади, бу уларнинг қизиқишлари ва истаклари доирасини аниқлашга ёрдам беради. Шу билан бирга, дастур доирасида болаларнинг ота-оналари билан ҳам психологик ва профилактика ишлари олиб борилиши назарда тутилган.
Эътиборлиси, иштирокчиларнинг ота-оналари махсус курслар фаолиятини онлайн кузатиб боришлари мумкин бўлади. Телеграм мессенжерида гуруҳ ташкил этилиб, у ерда бажарилган ишлар бўйича кунлик ҳисобот жойлаштириб борилади.